Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:17

Ўзбекистон мактаблари Интернетдан текинга фойдаланади


“Айрекс” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистон мактабларида Интернет” дастури амалга оширилмоқда. Мазкур дастур асосида мамлакатдаги компьютер синфларига эга мактабларнинг Интернет хизматидан текин фойдаланиши таъминланади.

Халқ таълим вазирлигининг ахборот технологиялари бўлими мутахассиси Яздон Мустафоқуловнинг маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистондаги мавжуд 9727 мактабнинг ярмидан кўпроғи компьютер синфига эга. Аксарият мактабларда бундан синфлар биттадан. Мактабларда компьютер синфлари ташкил этила бошлаганига 10 йилдан ошди. Бироқ Интернетга уланган мактаблар сони анча кам. “Айрекс” ташкилоти ҳозиргача Фарғона водийсининг уч вилояти, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистондан ўнтадан мактабни танлаб олиб, уларни Интернетга улади. Яъни ташкилотнинг “Ўзбекистон мактабларида Интернет” дастури 60 та мактабда амалга оширилди.

Я.Мустафоқуловнинг айтишича, мактабларни танлашда ўқитувчиларнинг фаоллиги, компьютер билан таъминланганлик даражаси ҳисобга олинган. Шунингдек, “Айрекс” танланган мактабларнинг учдан бир қисмига компьютер берган.

“Айрекс” ташкилотидан маълум қилишларича, дастурни амалга оширишга 2003 йил ёзда киришилган. Интернет билан таъминланадиган мактабларни аниқлаш учун мустақил танлов қўмитаси тузилган. Унинг таркибида Халқ таълими вазирлиги, мустақил нодавлат ташкилотлар экспертлари ва АҚШ элчихонаси вакиллари бор.

Мазкур дастур директори Ари Кацнинг таъкидлашича, танлов шартларига кўра мактабдаги компьютерлар камида “Пентиум-2” русумли бўлиши керак. Аммо бундай мактаблар жуда кам, бўлса ҳам компьютерлари эски. Бундан ташқари, мамлакатнинг аксарият туманларига Интернет етиб бормаган. Шунинг учун танловда ғолиб чиққан мактабларни Интернетга улашда анча қийинчиликлар бўлган. Бундай ҳудудлардаги билим масканларини радиоэфир орқали Интернетга улаш тажрибаси қўлланилган.

Бугунги кунда дастур бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Келгусида Интернетга уланадиган мактаблар сони янада ортади.
XS
SM
MD
LG