Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:01

Ўзбекистонда шахсий сайтлар кўпаймоқда


Маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда шахсий сайтлар сони кўпайиб кетмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни ахборот танқислиги мавжуд мамлакат шароитида ўзига хос мўъжиза сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистондаги дастлабки шахсий сайтлардан бири “Арбуз.уз” сайти бугунги кунда фойдалувчилар сони кўплиги билан ажралиб туради. Сайт асосчиси Евгений Склеревскийнинг сўзларига қараганда, 2000 йилда “Народ.ру” Интернет лойиҳаси иш бошлаган. Бу лойиҳа ўз сайтини очмоқчи бўлганларга жой таклиф этган. “Арбуз” сайти ҳам дастлаб шу лойиҳа доирасида очилган. У сайтга ўзи чизган математик картиналарни, ёзган мақолаларини жойлаштирган. Сайт тезда оммалашган. Шундан сўнг у сайтни “уз” доменига ўтказган.

Мустақил журналист Қудрат Бобожонов ҳам ўзининг шахсий сайтига эга. Унинг “Урганч таймс” сайтида Урганч шаҳрига оид янгиликлар, хабарлар жойлаштирилади.

Журналистнинг айтишича, сўнгги вақтларда очилаётган сайтларнинг кўпчилиги ўзбек тилида экани қувонарлидир. Фақат Урганчнинг ўзида 15 тагача сайтни санаш мумкин. Бундан ташқари, Фарғона водийсида, Қашқадарёда очилган сайтлар ҳам кўп. Масалан, Хоразм мусиқаси билан таништирадиган “Хоразм22.народ.ру” сайти очилган бўлиб, бу сайт ташкилотчиси номига асли хоразмлик бўлган, ҳозирги вақтда хорижий мамлакатларда яшаётганлардан кўплаб миннатдорлик мактублари келган. Шу билан бирга, ўзбекистонлик таниқли шахслар орасида ҳам ўз сайтига эга бўлиш урф бўлмоқда.

Мутахассисларнинг билдиришича, шахсий сайт очиш муаммо туғдирмайди. Бунинг учун Интернетга уланган компьютер, бир неча махсус дастур (программа) бўлса кифоя. Баъзи Интернет сайтлари ёки провайдерлар шахсий сайт очмоқчи бўлганларга текин жой ҳам таклиф қилади. Улар агар сайт оммалашиб кетса, ундан реклама сифатида фойдаланишдан манфаатдор. Шахсий сайтни рўйхатдан ўтказиш эса электрон почта очиш каби осондир.

Маълум бўлишича, шахсий сайтларни кимдир ҳобби учун, бошқалар ўзини реклама қилиш мақсадида, яна кимдир профессионал сайтга асос солиш учун очади. Бироқ гарчи Интернет олами эркин бўлса-да, баъзи ҳукуматлар ўзларига ёқмаган сайтларни тўсиб қўйишга ҳам ҳаракат қилади.

Қ.Бобожоновнинг таъкидлашича, шахсий сайтларнинг салбий жиҳатлари ҳам бор. Масалан, уларда жуда кўп кераксиз маълумотлар жойлаштирилади. Бу эса зарур ахборотни топишда қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари, шахсий сайтларда ҳар доим ҳам адабий тил меъёрларига риоя қилинмайди. Шунга қарамай, шахсий сайтларнинг кўпайиши ахборот танқислиги мавжуд жамиятлар учун ижобий ҳодисадир. Қолаверса, бу сайтлар профессионал сайтларнинг пайдо бўлишига пойдевор қўяди
XS
SM
MD
LG