Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:59

Ўзбекистон мактабларида биринчи қўнғироқ жаранглади


Ҳакимбек 2 сентябр куни Ўзбекистонда 2004-2005 йилги ўқув мавсуми бошланди. Расмий маълумотларга кўра, бу мавсумда умумтаълим мактабларига 590 минг нафар янги ўқувчи қабул қилинган.

Тошкентнинг Собир Раҳимов туманидаги 146-ўрта мактабда ҳам ўқув мавсуми биринчи қўнғироқ садолари остида бошланди. Ўқув мавсуми бошланишига бағишланган маросим ниҳоясига етгач, ўқувчилар синфхоналар томон йўл олди.

Мактабнинг биринчи синфига қабул қилинган болакайлар биринчи қўнғироқ садоси, мактаб ва синфхоналар сирли туюлаётгани боис бўлса керак, ҳеч ҳам ҳайратини яшира олмайди. Ота-онаси ёки боғча опаси қадрли бўлган бу мурғак гўдакларни биринчи дарсда ўқитувчи қарши олади. Устоз дарсни уларга мактаб ва дарс тартиб-қоидаларини тушунтиришдан бошлайди.

Энди бу болаларнинг кундалик режалари ҳам ўзгаради. Улар эрта туриши, ҳар куни мактабга бориши, уй вазифаларини бажариши керак. Баъзи болалар ҳали ўқиш-ёзишни билмаса-да, шеърлар ёдлагани ўқитувчи ва ота-оналарни қувонтиради.

Биринчи синф болалари ўқийдиган хона кенг ва шинам. Парталар устида мамлакат Президенти номидан уларга йўлланган совғалар қўйилган. Мурғаккина қалб эгалари бу совғалардан хурсандлигини яшира олмайди. Совға қилинган сумкаларда альбом, ўчирғич, қалам, ручка, “Алифбо” китоби, елим бор эди.

Бошланғич синф ўқувчиларини ёш ўқитувчи ўқитиши Ўзбекистонда анча камёб ҳолат. Ёш ўқитувчи Нурилла Аҳмедов ҳам бу йил бошланғич синфни илк бор қабул қилиб олди.

“Бу йил мен ҳам янада ёшаргандек бўлаяпман. Чунки мен биринчи синф, биринчи қалдирғочларимни қабул қилиб олдим. Ҳаяжоним юрагимга сиғмаётир. Кўриб турибсиз, ўқувчиларим жуда қобилиятли, билимли. Улар ҳатто биз каби ёш ўқитувчиларни ҳам ўз билими билан эсанкиратиб қўймоқда”, деди у.

Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Дониёровнинг маълум қилишича, жорий йилда мамлакат бўйича биринчи синфга 590 мингдан ортиқ ўқувчи қабул қилинган. Янги мавсумда мактабларда жами 6 миллион 150 минг ўқувчи ўқийди.
XS
SM
MD
LG