Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:18

Ароқ инсонни хароб қилади


Саида Шифокорларнинг эътирофича, алкоголизм сурункали касаллик бўлиб, унинг илк симптомлари пайдо бўлгач, касаллик фақат ривожланиш тенденциясига эга.

Тошкент шаҳри наркология диспансери шифокори Зафар Отабоевнинг сўзларига қараганда, алкоголизмнинг ривожланиши уч босқичда бўлади. Баъзи беморлар йиллаб ичмай, сўнг яна спиртли ичимлик истеъмол қилишни бошласа, касаллик тўхтаган жойидан қайта ривожланади. Яъни касаллик ҳеч қачон тузалиш томон ривожланмайди. Уни фақат маълум босқичда ушлаб туриш мумкин.

З.Отабоевнинг таъкидлашича, спиртли ичимлик сурункали истеъмол қилинса, у оғир оқибатларга олиб келади. Алкоголь психозлари туркумига кирувчи касалликлар беморни ногиронликка, айрим ҳолларда ўлимга олиб келиши мумкин. Спиртли ичимликларни мунтазам ичиш юрак-қон-томир, ошқозон, жигар, ичак тизимлари функцияларининг бузилишига сабаб бўлади. Натижада ҳосил бўладиган жигар церрози, ўпкага қон етишмаслиги каби касалликлар ривожланиб, беморни ҳаётдан олиб кетади. Ҳомиладорлик даврида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш эса боланинг жисмоний ёки руҳий ногирон бўлиб дунёга келишига замин яратади.

З.Отабоев алкоголизмга чалинганлар сони кўпайгани ёки камайгани ҳақида аниқ маълумот беришни истамади. Шунга қарамай, унинг маълум қилишича, умумий маълумотлар сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида алкоголизмга гирифтор бўлганлар сони ортганидан далолат беради.

Алкоголизм оқибатида жамият ҳам, оила ҳам ижтимоий-иқтисодий зарар кўради. Шифокорлардан бирининг билдиришича, тадқиқотлар сурункали, руҳий ва эндокринологик касалликларга дучор бўлган аёллардан кўпчилигининг турмуш ўртоғи мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қиладиган кишилар эканини кўрсатган. Бундай оилаларда соғлом фарзанд вояга етмайди. Болалар қўрқоқ бўлиб улғаяди, улар невроз ҳолатига тушади. Бу эса уларни оиладан узоқлаштиради.

Ички ишлар вазирлиги вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда деярли барча жиноятлар спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида содир этилишини айтган бўлса-да, алкоголизм билан боғлиқ жиноятлар ортган-ортмагани ҳақида аниқ маълумот беришни истамади.
XS
SM
MD
LG