Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:24

Ўзбекистонликлар Беслан аҳлига ҳaмдардлик билдиради


Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида юз берган фожеали воқеа ўзбекистонликлар қалбини ҳам ларзага солди. “Озодлик” мухбири ўзбекистонлик турли тоифага мансуб шахсларнинг ушбу воқеага муносабатини ўрганди.

Ҳар бир ўзбекистонлик Бесландаги мактабда гаровга олинган болакайларнинг осон-омон қолишини яратгандан илтижо қилиб сўрагани шубҳасиз. Лекин Бесланда болалар катта сиёсатнинг мудҳиш ўйини қурбони бўлди. Бу “ўйин”, сўнгги маълумотларга қараганда, 338 кишининг ўлими билан якунланган. Уларнинг асосий қисми эса болалардир.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ана шу воқеа муносабати билан Шимолий Осетия раҳбари Александр Дзасоховга ҳамдардлик телеграммаси жўнатди.

“Бегуноҳ одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйган бундай ваҳшиёна террорчилик ҳаракатини оқлаб бўлмайди ва оқлаш учун ҳеч қандай асос йўқ”, - дейилади телеграммада.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги барча сиёсий доираларида бу террорчилик ҳаракати қаттиқ қораланмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси котиби Собиржон Усмоновнинг сўзларига қараганда, Бесландаги воқеалар ҳаммани чуқур қайғуга солган. Чунки яқин орада бу каби ваҳшийлик кузатилмаган эди. ХДП барча кўринишдаги террорчилик ҳаракатлари қоралайди ва унга қарши курашади.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг фикрича, Бесландаги воқеалар Россияда миллатчилик кайфиятининг янада кучайишига олиб келади. Россияда ишлаётган ўзбекларга ҳам бу воқеаларнинг тўғридан-тўғри таъсири бўлади.

С.Усмонов эса бу фикрни инкор қилди. ХДП котибининг айтишича, бу террорчилик ҳаракатини амалга оширганларнинг дини ҳам, миллати ҳам йўқ. Буни бутун дунё аҳли, хусусан, россияликлар ҳам англаб турибди.

“Озодлик” мухбири Москвада ишлаётган ўзбек гастарбайтерларидан бири билан телефон орқали мулоқотда бўлди. Унинг маълум қилишича, Бесландаги воқеалардан сўнг Москвада паспорт текшируви кучайтирилган, рўйхатдан ўтмаган кишилар анча муаммоларга дуч келмоқда.

Айрим кузатувчилар Бесланда қурбонлар сонини камайтириш учун музокаралар етарлича олиб борилмагани ҳақида гапирмоқда.

К.Алиевнинг таъкидлашича, ҳар қандай можарони музокаралар йўли билан ҳал қилиш мумкин. Террорчилар билан ҳам шундай йўл тутиш имкони бор. Масалан, “Ирландия республикачилар армияси” террорчилик гуруҳи вакиллари узоқ йиллар давомида қўпорувчилик фаолиятини давом эттирган. Аммо Буюк Британия ҳукумати билан ўзаро музокаралар олиб борилгандан сўнг мамлакатда ушбу ташкилот жангарилари амалга ошираётган портлашларга чек қўйилди. Бу эса муаммони ҳал қилишнинг қаттиққўлликдан бошқа йўли ҳам борлигидан далолат беради.
XS
SM
MD
LG