Линклар

logo-print

БЕСЛАН ФОЖИАСИНИНГ КЎП ЖИҲАТЛАРИ САВОЛ ОСТИДА

  • Ҳурмат Бобожон

Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида уч кунлик қамал чоғида расмий маълумотларга кўра, 335 одам ҳалок бўлган. Улардан 150дан ортиғи ёш болалардир. 500дан ортиқ жабрланганлар касалхонага ётқизилди. Аммо, фожиадан уч кун ўтиб воқеаларнинг кўплаб жиҳатлари ҳали ҳам савол остида қолмоқда. Хусусан, қурбонлар сони аслида қанча? Одамларни гаровга олган қуролли гуруҳ қанча кишидан иборат бўлган ва хоказо ва хоказо саволлар?

Гарчи Беслан фожиаси қурбонлари сони расман 335 экани айтилса-да, юзлаб одамлар тақдири ҳамон номаълум. Ўликхоналарга олиб келинган юздан ортиқ мурда шахси ҳануз аниқланмаган. Қамалда бўлган 200 киши бедарак йўқолгани айтилмоқда. Шу боис қурбонлар сони 600га етиши тахмин этилмоқда.
Россия расмийларига кўра, гаровга олувчилар сони 16 кишидан иборат бўлиб, улардан 13 нафари қочишга улгурган. Бошқа маълумотларда эса гаровга олишни амалга оширганлар сони 29 - 34 одам атрофида бўлгани, уларнинг бари ҳалок қилингани ва тўққиз нафари араб, яна бирининг шимолий Африкалик экани айтилса-да ҳозирча Москва бу борада аниқ далилларни келтирмаган.
Куни кеча Россиянинг биринчи канали Бесланда одамларни гаровга олишда қатнашгани гумон этилаётган ва тириклайин қўлга олинган ягона шахс сўроқ қилинаётгани тасвирларини намойиш этди. Ҳозирча унинг кимлиги сир тутилмоқда.
Бесланда гаровга олинганларни қутқариш амалиёти фожиали якун топган ва бунинг учун Путин ҳукумати кескин танқидларга учраётган бир пайтда Россия томони хавфсизлик кучларининг мактабни штурм қилиш нияти бўлмаганини ва бу борадаги қарор сўнгги дақиқаларда, вазият тақазосига кўра қабул қилинганини баён қилди. Аммо, россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенхауер бу Россиянинг навбатдаги найранги эканини ва аслида мактабни штурм қилиш олдиндан режалаштирилганини айтади.
"Россия махсус ҳизматлари бошидан, яъни 1 сентябрда одамларни гаровга олиш бошланишиданоқ жамоатчиликни алдашга ўтди. Ва атайлаб нима бўлаётганини яширишга ва жамоатчиликни чалғитмоқчи бўлди. Бу ойдекгина равшан. Хусусан, Россия ҳукумати қанча одам гаровга олинганинини кескин камайтириб кўрсатишга уринди. Олдинига 300 одам гаровда ушлаб турилаётгани айтилди. Кейин маълум бўлишича у ерда одамлар сони мингдан ошиқ экан. Гаровга олувчилар музокарадан воз кечганини айтилди, аслида музокараларни гаровга олувчилар эмас Россия томони рад этгани маълум. Гаровга олувчилар ҳеч қандай талаб қўймагани айтилди, аслида улар Путин ўз қўшинларини Чеченистондан олиб чиқаришини ва бу борада фармон беришни талаб этишган", - дейди таҳлилчи.
Павел Фелгенгауер мактабни штурм қилиш олдиндан режаланганига яна бир мисолни келтиради. Хусусан, мактаб штурм қилинаётган пайтда осмонда ҳарбий вертолётларнинг пайдо бўлиши, таҳлилчи назарида даб дурустдан қилинган режа бўлмаган.
"Штурмни қўллаб-қувватлаш учун мактаб биноси устида Ми-24 русумли зирхли ҳарбий вертолет пайдо бўлди. Агар мактабни штурм қилиш режаси сўнгги дақиқада қабул қилинган бўлса бу вертолет тезда пайдо бўлолмасди". Павел Фелгенхауерга кўра, ҳарбий вертолетни чақиртириш узоғи билан ярим соат талаб этади.
Россия томони Бесландаги воқеаларни бошидан цензура қилишга уринди. Озодлик мухбири Андрей Бабитскийнинг Мин-Водига учиб кетаётган пайтда Внуково аэропортида ушлаб қолиниши ёки Анна Политвовскаянинг воқеа жойига боришига тўсқинлик қилишга уринишлари, кузатувчиларга кўра, бежиз эмас.
Душанба куни эса Известия газетаси бош мухаррири Раф Шакиров истеъфо берди. Шакировга кўра, газетанинг шанба кунги сони уст сахифаси ҳеч қандай сарлавҳасиз плакат кўринишида эълон қилиниши ҳукуматга ёқмаган.
"Газетанинг шанба кунги сони ярми Бесландаги воқеаларга бағишланди. Ҳақиқатан газетанинг уст сахифасида Бесландаги воқеага оид фотосурат ва Известия сўзидан бошқа хеч нарса йўқ эди. Аммо, биз буни Бесландаги воқеа мамлакат учун нимани англатиши нуқтаи назаридан қилдик. Ҳукумат жуда эмоционал қабул қилган буни. Айримлар учун эса бу 1941 йил 22 июнни эслатди. Мен ҳам шундай фикрдаман. Бу ҳақиқатан 22 июн. Нима бўлишидан қатъий назар бош мухаррирлик лавозимини тарк этишга мажбурман", деди Раф Шакиров.
Айни пайтда кўпчилик россияликлар, гаровга олинган одамлар ҳаёти сақлаб қолиниши мумкин эди ва уларнинг қурбон бўлишида Россия махсус ҳизматларининг хатоси бўлган деб ҳисобламоқда. Шимолий Осетия Президенти Александр Засохов бу борада ўзини айбдор деб билади.
"Кимнинг уйига кулфат келган бўлса мен улардан кечирим сўрайман. Чунки биз фарзандларимиз, уларнинг ота-оналари, ўқитувчилар ҳаётини сақлаб қола олмадик", - деди Шимолий Осетия Президенти.
Россия Давлат Думаси собиқ аъзоси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Юрий Рибаков ҳам мамлакат хавфсизлик ҳизматлари ўз вазифаси уддасидан чиқаолмаётганликларини айтади. Рибаковга кўра, Россиядаги сўнгги воқеаларга авваламбор Россия хавфсизлик кучларининг сусткашликлари сабабчи.
"Қабул қилиниши кутилаётган бюджетнинг учдан бир қисми мудофаа учун сарфланади. Яъни бу пуллар гўё хавфсизлигимиз таъминланиши учун сарфланмоқда. 1 триллион рубл биз ва сизнинг чўнтагингиздан олиниб хавфсизликка сарфланмоқда. Хўш, натижа қандай. Янги бюджетда ҳарбий сохага ажратиладиган маблағлар яна оширилди. Қаерга кетяпти шунча пул. Биз буни назорат қилишимиз мумкинми?", дейди Юри Рибаков.
Бу саволга эса нафақат Беслан аҳолиси, балки бошқа россияликлар ҳам жавоб исташмоқда ва энди қаер террорчиларга нишон бўлади деб ўзларига ўзлари савол беришмоқда.
XS
SM
MD
LG