Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:57

Қашқадарёда пахта терими бошланди


Фирдавс Қашқадарёда пахтани оммавий теришга киришилди. 6 сентябрдан бошлаб вилоятдаги олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари талабалари пахта теримига сафарбар этилмоқда.

Соҳа мутахассисларнинг таъкидлашича, бу йил вилоятда пахта теримига ўтган йилгига қараганда 15-20 кун эрта киришилган. Баҳорда чигит эрта экилгани боис пахта анча барвақт пишиб етилган.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги касб-ҳунар коллежларининг 50 мингдан ортиқ, олий ўқув юртларининг 7 мингдан кўпроқ талабаси пахта теримига жалб этилади.

Вилоят касб-ҳунар коллежлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Холмурод Каримовнинг сўзларига қараганда, вилоятда 64 та коллеж мавжуд. Уларнинг ўқувчиларини ўқишдан бўш вақтлардагина теримга жалб этиш мўлжалланган. Айни пайтда Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб, Қамаши туманларидаги коллежлар талабаларини чўл ҳудудларига пахта теримига чиқариш бошланган.

Х.Каримовнинг айтишича, ўқувчилар пахта териши мўлжалланган ҳудудларда улар учун яратилган шароитлар махсус гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқилган ва аҳвол қониқарли деб топилган.

Аммо кузатувчилар вилоятдаги шийпонларда пахта теримига жалб этиладиган ўқувчилар учун оддий шароитлар ҳам яратилмаганини таъкидламоқда. Ҳатто баъзи шийпонларда эшик-ромлар ҳам йўқ. Шунга қарамай, ўқувчи ва талабалар ўша ерларда яшаб, пахта теришга мажбур этилаётир.

Маълум бўлишича, талабаларнинг теримдан бош тортиши олдини олиш учун айрим ўқув масканларида улардан “пахта теримига бормасам, ўқишдан ҳайдалишга розиман”, деган мазмунда тилхатлар ёздириб олинмоқда.

Санъат коллежи талабаларидан бирининг билдиришича, ўқитувчилар талабаларнинг соғлиғи теримда иштирок этишга имкон бермаслиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаларни ҳам тан олмаяпти.

Ҳар йили минглаб талабалар билан бир қаторда вилоят мактабларининг юқори синф ўқувчилари ҳам теримга жалб этилади.

Вилоят халқ таълими бошқармаси вакилининг эътирофича, ҳали вилоятдаги бирорта мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқарилмаган. Аммо аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, бу йил шаҳар мактаблари ўқувчиларини ҳам теримга жалб этиш режалаштирилган.

Гарчи мутасаддилар инкор этаётган бўлса-да, маълум бўлишича, чўл ҳудудларидаги мактабларининг юқори синф ўқувчилари аллақачон пахта теримига чиқарилган.
XS
SM
MD
LG