Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:10

ОТБ Ўзбекистон мактабларини қўллаб-қувватламоқда


Феруза Маълумотларга қараганда, яқинда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон халқ таълими тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 миллион доллар миқдорида барқарорлаштириш кредити ажратган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2004 йил февраль ойида қилган маърузасида мамлакатда ўқувчилар сони 6 миллион 200 мингни ташкил этишини маълум қилган эди. Маърузада таъкидланишича, мавжуд 10 мингга яқин умумтаълим мактабининг ҳар учтадан биттаси ўқув стандартлари талабларига жавоб бермайдиган мослаштирилган биноларда жойлашган, 88 мактаб, айниқса, ночор аҳволда.

Ўзбекистон ҳукумати таълим соҳасидаги мана шу ташвишли ҳолатга барҳам бериш учун кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда. ОТБ томонидан мазкур соҳа учун 30 миллион доллар ажратилиши ҳам мазкур ҳамкорлик натижаси сифатида қаралмоқда. Маълумотларга кўра, ОТБ 2005-2006 йилларда ҳам жами 40 миллион долларлик кредитлар ажратишни режалаштирган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ташқи иқтисодий алоқалар бўлими мутасаддиси Ҳикматилла Даминовнинг сўзларига қараганда, ОТБ 2003 йилдан таълим соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳасини амалга оширишда ҳам иштирок этмоқда. Умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳанинг 38,5 фоизи ОТБ кредити, қолган қисми эса давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон Молия вазирлиги вакилининг таъкидлашича, ОТБ ажратган 30 миллион долларлик кредит Ўзбекистон ҳисобига 26 август куни келиб тушган. 2005 ва 2006 йилларда ҳам банк Ўзбекистонга ҳар бири 20 миллион долларлик иккита кредит ажратади.

Молия вазирлиги вакилининг маълум қилишича, ОТБ кредитлари, асосан, янги мактаблар қуриш, таълим масканларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга сарфланади. Кредитларнинг бир қисми мактабларни дарсликлар, мебель, спорт ва ўқув лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютерлар харид қилишга йўналтирилади.
XS
SM
MD
LG