Линклар

Савдогар аёллар намойишга чиқди


Турғунбек 7 сентябрь куни Андижон шаҳридаги “Холис” буюм бозори ва Марказий универсал магазин ҳудудида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи тадбиркор аёлларнинг норозилик чиқиши бўлди.

“Холис” буюм бозорида савдо қиладиган беш юзга яқин аёл шаҳарнинг Бобуршоҳ кўчасида транспорт ҳаракатини тўхтатиб қўйди. Шаҳар ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тарибот органлари вакиллари норозилик билдираётган аёллар билан музокаралар олиб борди.

Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг савдо-сотиқни тартибга солишга қаратилган 387 ва 413-қарорлари кучга киргани муносабати билан маъмурлар “Холис” буюм бозори ва Марказий универсал магазини ҳудудида савдо қиладиган шахслардан фаолиятини тўхтатишни ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлардан қарорларда кўрсатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтишни талаб қилган.

Аёлларнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг бу қарорлари халқ манфаатини ўйламасдан қабул қилинган. Бу қарорга амал қилинадиган бўлса, ҳозир четдан олиб келган молига 5-10 фоиз устама ҳақ қўйиб сотаётган савдогарлар рўйхатдан ўтгандан сўнг фойда кўриш учун 50 фоиз устама қўйишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, савдогарлар тўлаётган солиқлар қиймати кундан-кунга ошиб боряпти. Савдо ўринлари баҳоси ҳам ундан қолишаётгани йўқ.

Тадбиркор аёллардан бирининг айтишича, илгари “Холис” бозори ўрнига 2-3 минг киши ишлайдиган фабрика бўлган. Фабрикада иш тўхтаб қолгач, бу жой бозорга айлантирилган. Аёллар иш йўқлигидан савдо билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

Андижон шаҳри ва “Холис” бозори маъмурлари мавзу юзасидан муносабат билдиришни истамади, бироқ улар Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бажараётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG