Линклар

logo-print

Пахтакор халқ синтетик матодан кийим кияди


Саида Ўзбекистонда синтетик (сунъий) мато ва ундан тикилган кийимлар бозори анча чаққон. Маълумотларга кўра, ҳатто ўқувчилар киядиган мактаб формаларининг асосий қисми ҳам синтетик матодан тикилган.

Шифокор Гулираъно Акбарованинг сўзларига қараганда, синтетик матодан тикилган кийим бола организми учун зарарли бўлиб, бу матодан фармальдегит моддаси ажралиб чиқади. Бу модда аллергия қўзғаши мумкин. Бундан ташқари, синтетик кийим боланинг тез шамоллашига, сурункали хасталикларга чалинишига сабаб бўлади.

Ота-оналарнинг таъкидлашича, табиий матолар, жумладан, пахта толасидан тайёрланган матолардан тикилган кийимлар жуда қиммат. Шунинг учун кўпчилик нисбатан арзон бўлган синтетик матоли кийимларни харид қилади.

Якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланаётган Маҳмуда Раҳмонбердиеванинг айтишича, бугунги кунда синтетик кийимлар ёшлар ўртасида урф бўлмоқда.

Тикувчи Зулфия Мўминова Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани мактаблари синтетик матодан мактаб формалари тикишга буюртма берганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудига синтетик матодан тикилган кийимлар олиб кириш маън қилинган. Шунга қарамай, бундай моллар мамлакатга контрабанда йўли билан кўплаб ташиб келтирилмоқда.

Тошкент шаҳри санитария-эпидемиология маркази мутахассиси Нигора Юсупованинг билдиришича, Ўзбекистондаги енгил саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таркибидаги синтетик моддаларнинг миқдори санитария-эпидемиология марказлари томонидан мунтазам назорат қилинади. Уларнинг синтетик матолардан трикотаж моллари ишлаб чиқаришига рухсат этилмайди. Бу тартиб хусусий тадбиркорлар учун ҳам мажбурийдир.

“Сўнгги вақтларда мактаб бозорларида синтетик кийимларнинг сотилиши кузатиляпти. Аммо бу ҳолатни назорат қилиш фақат санитария-эпидемиология марказлари зиммасида эмас. Чунки биз мувофиқлаштирувчи органлар рухсатисиз бозорларда текширув ўтказа олмаймиз”, - деди Н.Юсупова.
XS
SM
MD
LG