Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик русийзабонлар ўзбек тилини ўрганишни хоҳламайди…ми?

  • Садриддин Ашур

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига яқинда 15 йил тўлади. Аммо, кузатувчиларнинг эътирофича, бу тил ҳали ҳам давлат мақомига кўтарилмаган, рузийзабонлар эса ўзбек тилини ўрганишга шошилмаётир.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Олий Мажлиснинг яқинда бўлиб ўтган сессияси танаффусида журналистлар билан учрашув чоғида Ўзбекистон-Россия муносабатларига тўхталиб, қуйидаги фикрларни баён этганди:

“Рус маданиятини билмайдиган, рус тилида сўзлаша олмайдиган ўзбекни учратиш қийин. Бу ҳақда Москвада кўп ёзишади. Нега учинчи, тўртинчи авлоди Ўзбекистонда яшаб келаётган руслар оддийгина “ассалому алайкум” сўзини айтолмайди? Бу масалага эса Москва бефарқ қарайди”.

“Озодлик” мухбири бир неча авлоди Ўзбекистонда яшаб келаётган 70 ёшлардаги рус аёли билан суҳбатлашди. Ўзбекистонни ўз ватани деб биладиган бу аёл ўзбек тилида гаплаша олмаслигини билдирди.

“Мен ўзбекчани тушунаман, аммо боғлаб гапира олмайман. Рус тилида кесим гап бошида келади. Ўзбекчада эса охирида. Шунинг учун сўзларни боғлай олмайман”, - деди рус аёли.

Русийзабон фуқароларнинг таъкидлашича, уларнинг маҳаллий халқ тилини билмаслиги шўролар даври сиёсатининг оқибатидир.

Аммо русийзабонларнинг бугунги ёш авлоди ҳам ўзбек тилида сўзлаша олмаслигига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу ҳақда сўралганда уларнинг деярли барчаси “тушунаман, лекин ёмон гаплашаман”, дея жавоб қайтарди.

Мутахассисларнинг фикрича, бировга ўзга тилни мажбурлаб ўргатиб бўлмайди. Бунинг учун, аввало, ўрганувчининг ўзида хоҳиш бўлиши керак. Тилнинг обрўли бўлиши учун эса маълум доиралар ва жамиятларда бу тилга катта эҳтиёж бўлиши даркор. Шундагина уни ўрганишга талаб ортади.
XS
SM
MD
LG