Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:22

Она тилини билмайдиган ўзбек инглизча гаплашишни таклиф этса…


Кузатувчиларнинг эътирофича, бугунги кунда Тошкентдаги жуда кўп ташкилотларга мурожаат этиб, ўзбек тилида бирор ахборот олиш анча мушкул. Ўзбек тилида маълумот олиш рус ёки инглиз тилида маълумот олишдан кўра қийинроқ.

“Озодлик” мухбири бу мавзуни ўрганиш жараёнида юқорида айтилган фикрлар қанчалик тўғри эканига яна бир бор амин бўлди.

Мурожаат этилган Тошкент шаҳри коммунал хизмат бошқармаси, Давлат солиқ қўмитаси, “Тошшаҳарйўловчитранс” давлат акциядорлик компанияси, Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки ва ҳоказо ташкилотлар ходимлари мухбир билан фақат рус тилида гаплаша олиши мумкинлигини билдирди. Бу ташкилотларнинг ўзбек тилида салом-аликни эплай оладиган ўзбек ходимларидан бири эса рус ёки инглиз тилида эркин гаплаша олишини, ўзбекчада қийналишини баҳона қилди.

Албатта, ўзбек йигити сиз билан инглизча гаплашишни таклиф этиши қайсидир маънода қувонарли. Аммо унинг ўз она тилини билмаслиги ачинарлидир. Гарчи бу ҳолат янгилик бўлмаса-да, унинг анча вақтдан буён давом этиб келаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Журналист Ҳабиб Абдуназарнинг фикрича, ўзбек тилида гаплаша олмайдиганларнинг аксарияти раҳбар лавозимларда ишлаётган шахслардир. Бундай раҳбарлар атрофига эса ўзига ўхшаганлар йиғилади. Бу кишиларда тилга, миллатга нисбатан бефарқлик бор, дейиш қийин. Аммо улар ўзи билмаган ҳолда шўро даврида шаклланган муҳитни давом эттириб келяпти. Ташкилотларда иш юритиш ҳамон рус тилида. Айниқса, фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатларини ўрганиш бўлимларида ҳужжатлар, йўриқномалар рус тилида тайёрланади.

Журналист Комрон Усмоновнинг таъкидлашича, бугунги кунда ўзбек тилига қандай муносабатда бўлиш алоҳида шахсларнинг ўзига боғлиқ. Бу ҳолатни мамлакат миқёсидаги нуфузли тадбирлар, муҳим йиғилишларда ҳам кўриш мумкин. Гарчи йиғилишларда бутун зални тўлдириб ўтирган фуқаролар ичида битта-иккита русийзабон бўлса ҳам тадбир рус тилида ўтади. Ёки русийзабон маърузачи йиғилганлардан гўёки ўзбек тилида кечирим сўраган бўлади ва рус тилида гапиради.

К.Усмоновнинг эътирофича, муаммонинг ечими мавжуд тизимни ва уни ташкил этувчи масъул раҳбарларни ўзгартиришдадир.
XS
SM
MD
LG