Линклар

logo-print

Рус мусулмонлар

  • Сарвар Усмон

Беслан воқеалари фожиали якун топгач, Россия расмийлари вакили ўлдирилган "жанггарилардан ўн киши араб", деб эълон қилди. Орадан кўп ўтмай қўлга олинган бир жанггари мамлакат телевидениеси орқали кўрсатилди. Жанггари тинмай Аллоҳ номини тилга олар эди. Россиялик дин пешволари террористик ҳуружларни амалга оширганларнинг дини Исломга мутлақо алоқаси йўқлигини бот-бот такрорлаётган бўлсалар-да расмийлар шоша-пиша тарқатаётган маълумотлар туфайли жамоатчиликда Ислом ва мусулмонлардан ҳадиксираш пайдо бўлмоқда. Бироқ, айни пайтда Россияда Исломни қабул қилаётган руслар ҳам борки, маълумотларга қараганда бу қавмнинг сафи кенгайиб бораётир.

Россиядаги мусулмон журналистлар иттифоқи раҳбари, 48 ёшли Али-Вячеслав Полосиннинг иймон келтирганига 5 ярим йил бўлди. Миллати рус, эътиқоди ислом бу москвалик билан шу куннинг мавзулари атрофида ҳамда миллати рус мусулмонлар, уларнинг нуфузи ва яқинда тузган диний ташкилоти тўғрисида суҳбатлашдик.

Суҳбатимиз 3 сентябрь куни Москвада "Мусулмонлар террорга қарши", деган мавзуда ўтказилган матбуот анжумани тўғрисидаги маълумотлардан бошланди.
Матбуот анжуманида қабул қилинган баёнотда Бесланда амалга оширилган террористик ҳуружни уюштирганларнинг ҳам, уларни амалга оширганларнинг ҳам Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ, улар "шайтонга бўйсунадилар", дейилган.

"Матбуот анжуманини уюштиришдан мақсад эса, -дейди Али Полосин,- жамоатчиликни Ислом динига ва Кавказдаги мусулмонларга қарши кайфиятларни урчитмасликка даъват қилиш эди"

Ҳикоя қилганимиз матбуот анжумани рус мусулмонлар уюштирган тадбирлардан бири холос.

Хўш, Али Полосиннинг қанча миллатдош ва диндош биродари бор?

Ислам.РУ сайти бўлим мудири Абдулла Мухамедов мухбирингизга берган маълумотларга қараганда, кейинги йилларда рус мусулмонлар сони анча кўпайди. Умуман, даҳрийлар режими барҳам топгач, динга, шу жумладан, Ислом динига қизиқиш кучая бошлади. Рус мусулмонлар сони шу кунда бир неча минг кишини ташкил қилади.

Али Полосин эса, аниқроқ рақамлар келтиради:

"Масжидларга қатновчи фаол рус мусулмонлари
2 – 2,5 минг киши, агар мусулмонларга турмушга чиққан ва иймон келтирган рус аёлларини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, рус мусулмонлари сони 10 минг кишидан кам эмас".


Ислам.РУ сайти ходими Абдулла Муҳамедов Озодликка берган суҳбати чоғида рус мусулмонлар ўзларининг ташкилотини тузиб олганларини ҳам эслаб ўтди.

"Бундан бир неча ой муқаддам Рус мусулмонлари миллий ташкилоти тузилди. Ташкилотнинг биринчи қурултойи Омск шаҳрида бўлиб ўтган эди. Бу ташкилот рус, украин ва белорус мусулмонларни бирлаштиради", - дейди Абдулла Муҳамедов.

Лекин, унга Россия мусулмонларининг миллий жиҳатдан бўлиниб олишлари ёқмайди:

"Афсуски, мусулмонлар доғистонликлар, чеченлар ёки татарларга бўлиниб олганлар. Афсуски, диннинг баъзи расмий пешволари русларнинг Исломга ўтишга умуман ҳақлари йўқ, улар ўзларининг миллий ўзгачаликларига кўра, Ислом моҳиятини тушуна билмайдилар, деган баёнотларни қилади", - деб давом этади Абдулла Муҳамедов.

Бироқ, рус мусулмонлардан бири, Россиядаги мусулмон журналистлар иттифоқи раҳбари Али Полосин бундай баёнотларга эътибор бермайди. У яқинда ташкил қилинган Рус мусулмонлари миллий ташкилотига ҳам аъзо бўлмаган.

"Мен бу ташкилотга кирганим йўқ. Ҳозирча унинг ишини кузатиб кўрмоқчиман. Ислом фойдаси учун қандай ижобий амаллар қила билишини кўрмоқчиман. Ана шундан кейин бир қарорга келарман", - дейди Али Полосин.
XS
SM
MD
LG