Линклар

logo-print

Беслан воқеалари ва матбуот

  • Сарвар Усмон

Венада жойлашган Халқаро матбуот институти 8 сентябрь куни эълон қилган баёнотда Россия расмийларининг Беслан воқеалари пайтида журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлиги айтилади. Халқаро ташкилот баёнотида, жумладан,"Известия" газетаси Бош муҳаррири Раф Шокировнинг истеъфога чиқарилгани, "Ал-Арабия" телеканали ходими ҳамда грузиялик икки журналистнинг ҳибсга олингани эсланади.

Россияликлар жуда яхши танийдиган икки журналист бошига тушган савдолар эса, Россия расмийларининг "Беслан қозони"ни ёпиқ сақлаб туришга ҳаракат қилганлиги исботи бўлиши мумкин.

Россиялик журналист Анна Политковская Внуково аэропортидан Ростов-Донга қараб учган самолётда бир стакан чой ичдию бироздан сўнг ўзини ёмон ҳис қила бошлади.

"Новая газета"нинг таниқли мухбири Шимолий Кавказга, Бесланга шошаётган эди. У мактабни ишғол қилганлар билан расмийлар ўртасида воситачилик қилиши, бўҳронни қонсиз бартараф қилишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин эди. Бундай вазифани Анна Политковская икки йил муқаддам, Москвадаги Дубровка театри ишғол қилинганда бажарган эди.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти вакили Сўҳрия Блатман Политковская билан боғлиқ воқеани бундай ҳикоя қилиб берди:

"Политковская Москвадан Бесланга боришга, бунинг учун Шимолий Кавказга учишга бир неча бор ҳаракат қилиб кўрди. Самолётга чиқиш учун икки марта уриниши зое кетди. Турли баҳоналар билан уни учоққа яқинлаштирмадилар. Ниҳоят, учинчи ҳаракати натижа бериб, у самолётга ўтирди", - дейди Сўҳрия Блатман.

Унинг айтишича, аслида Политковскаянинг самолётда бирон нима егиси йўқ эди. Йўл-йўлакай ҳар нарса еявермас ҳам эди. Бироқ, у стюардесса таклиф қилган бир стакан чойни ичди ва орадан 10 дақиқа ўтгач, ўзини ёмон ҳис қила бошлади, сўнгра ҳушидан кетиб қолди. Ростов-Донга учиб боргач, касалхонага ётқизилди. Докторлар унга заҳарланганини, саломатлиги жиддий хавф остида эканлигини айтишди.

Худди "007-нчи агент" фильмини эслатадиган воқеа, шундай эмасми? Кейинроқ Политковская бироз ўзига келди. Бироқ, Бесланга бормоқчи бўлган ва йўлда бошига иш тушган журналист биргина Анна Политковская эмас.

Озодлик радиосининг таниқли журналисти Андрей Бабицкий ҳам Политковская сингари ўтган ҳафтада Бесланга боришга ҳаракат қилди. Бироқ, унинг режалари "Внуково" аэропортида барбод бўлди. Аэропорт маъмурлари, аввалига, Бабицкийни самолётга портловчи модда олиб чиқишга ҳаракат қилаётганликда гумон қилиб, қўлга олдилар. Бундай гумон қилишга асос йўқлиги аниқлангач, унга учоққа чиқишга рухсат берилди. Бироқ, самолёт олдида икки безори унга ҳужум қилди ва Андрей безорилардан жабр кўрган шахс сифатида ушлаб қолинди. Ниҳоят, у безорилик қилганликда айбланиб судланди ва 1000 рубль жарима тўлашга ҳукм қилинди.

"Бу иш нима учун қилинганини айтиш қийин, бироқ менинг ва Политковскаянинг у ерда бўлишимизни расмийлар хоҳлашмади, деган тахминим бор, бу тахмин воқеликка тўғри келадими-йўқми, буни айтолмайман", - дейди Андрей ва давом этади,-
aгар террорчилар менинг ва Политковскаянинг етиб борганимизни билиб қолса, биз билан мулоқотга киришга ҳаракат қилишлари мумкинлигига ишонса бўлади. Расмийлар буни хоҳлашмади, чунки аввал- бошданоқ ҳар қандай музокара ўтказиш имкониятини инкор этишди".

Беслан воқеаларининг Россия ҳукумати назорати остида бўлмаган журналистлар томонидан ёритилишининг олдини олиш учун қилинган ҳаракатлар Политковская ва Бабицкийлар ҳаракатини чеклашга уриниш билан тугагани йўқ.

Шанба куни Грузиядаги "Рустави-2" телеканалининг икки журналисти Россия чегарасидан ноқонуний ўтганликда айбланиб ҳамда "Ал-Арабия" телеканали Москва бюроси мудири Бесландан Москвага қайтаётганда ҳибсга олинди.

P.S. Хабарларга қараганда, 4 сентябрь, шанба куни Россияда ҳибсга олинган грузиялик икки тележурналист 8 сентябрь куни озод қилинди.
XS
SM
MD
LG