Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:54

АҚШнинг Ироқдаги янги стратегияси


АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари Ироқдаги исёнчилар назоратида бўлган шаҳарларни ҳукумат назоратига олишда асосий ролни Ироқ армияси бажариши кераклигини айтишмоқда. Ироқ армияси аскарлари ҳарбий тайёргарликдан ўтганидан кейин бу иш амалга ошиши керак. Айни пайтда, террорчилар паноҳ топгани айтилаётган Фаллужа шаҳри ва унга туташ минтақаларда АҚШ кучлари ва исёнчилар ўртасида тўқнашувлар шиддатли тус олмоқда. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан студиядаги бугунги суҳбатимиз айнан шу мавзуда бўлади.

А.И.: Ҳасанжон, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан бери Ироқдаги барча ҳарбий амалиётларни АҚШ кучлари амалга ошириб келаётган эди. АҚШ расмийларининг бундай баёнот бериши сабаби нимада?

Ҳ.: Абдулла Искандар, АҚШ қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Ричард Майерснинг мана бу баёноти саволингизга жавоб бўлиши мумкин. Сешанба куни Вашингтонда Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд билан бирга журналистлар учун матбуот конференцияси чоғида Майерс Ироқдаги исёнчиларга қарши курашда янги стратегия ишлаб чиқилганини билдирди:

”Умумий стратегия шундан иборатки, Ироқдаги АҚШ кучлари қўмондони генерал Жорж Кейсий Ироқ муваққат ҳукумати билан яқиндан иш олиб бормоқда. Улар Ироқ шаҳарлари бўйича стратегияга эга. Ироқ хавфсизлик кучларини етарлича таъминлаш, ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва хавфсизлик билан боғлиқ операцияларда уларнинг иштирок этиши ва операциялар тугаганидан кейин эришилган тинчликни барқарор сақлаб туриш ана шу стратегиянинг бир қисми ҳисобланади” - дея баёнот берди АҚШ генерали.

Ричард Майерс партизанлар назорат қилаётган Ироқнинг баъзи минтақаларни қайта ҳукумат назоратига олиш Ироқ кучларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ишларига боғлиқлигини айтди. Генералга кўра, Ироқ кучлари ҳарбий операцияларда асосий рол ўйнаши керак. Вашингтон расмийларининг янги стратегияси ана шундан иборат.

АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ҳозиргача Ироқдаги барча ҳарбий операцияларда асосий рол ўйнади. Бироқ бу тактика муваффақияти Саддам Ҳусайн тарафдорлари йиғилган минтақаларда чекланган бўлди.

А.И.: Вашингтон расмийлари нима учун ўз стратегиясини ўзгартиряпти?

Ҳ.: Абдулла Искандар, Саддам Ҳусайн 2003 йил март ойида ҳокимиятдан ағдарилганидан бери 18 ой ўтди. Шу давр мобайнида Ироқдаги ҳарбий операцияларнинг асосий қисмини, юқорида айтиб ўтганимиздек, АҚШ қўшинлари амалга оширди. АҚШ кучлари Ироққа бостириб кирганидан бери мамлакатда нобуд бўлган америкалик аскарлар сони яқинда бир мингдан ошди.

Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчиси Филип Митчеллнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, агар Ироқ армияси аскарлари ҳарбий тайёргарликдан ўтказилса ва яхши қуроллантирилса, улар исёнчиларга қарши АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига қараганда самарали кураш олиб бориши мумкин.

А.И.: Эндигина ҳарбий тайёргарликдан ўтган ироқлик аскарни америкалик тажрибали, профессионал аскар билан таққосласак қандай фарққа дуч келамиз?

Ҳ.: Абдулла, британиялик таҳлилчи Филип Митчел фикрича, Вашингтон расмийлари стратегияси яхши самара бериши мумкин. Тахлилчига кўра, бунинг икки сабаби бор. Биринчиси, маҳаллий аскар ҳорижлик аскарга қараганда жуғрофий жойлар, халқнинг урф-одатини яхши билади. Иккинчидан, Ироқ армияси аскарларининг исёнчиларга қарши кураш олиб бораётганини кўрган ироқликларнинг ҳукуматга бўлган ишончи ҳам ортади. Шу сабабли АҚШ расмийлари Ироқ армияси аскарларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга эътиборни кучайтирмоқда.

А.И.: Раҳмат Ҳасанжон
XS
SM
MD
LG