Линклар

Молдовиялик журналисти Днестрбўйида қўлга олинди


Арол Сешанба куни Днестрбўйи сепаратчилари томонидан темир йўл станциясининг босиб олинишини суратга олишга ҳаракат қилган молдовалик фотомухбир ҳужумга учраб¸ кейинчалик 15 кунга озодликдан маҳрум этилди. Ўтган ҳафта сепаратчилар ББС мухбирини ҳам қўлга олиб бир оздан сўнг қўйиб юборган эди. Журналистларга қарши бундай ҳужумлар Молдова билан Днестрбўйи минтақаси ўртасида муносабатлар таранглашувига сабаб бўлди. Маълумки Днестр бўйи Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида Молдовадан ажралиб чиқиб ўзини мустақил¸ деб эълон қилган эди. Бирқ¸ унинг мустақиллиги расман тан олингани йўқ.

6 сентябр куни Днестрбўйи кучлари Молдова пойтахтидан 45 килиометр узоқликда бўлган Бендер шаҳридаги темир йўл станциясига бостириб кириб¸ станция ходимларини у ерни тарк этишга мажбур қилишган. Ходимлардан бир нафари яраланган ва бошқа бир нафари фотомухбир билан бирга қамоққа олинган.

Молдовалик фотомухбир Дину Мижа юз берга воқеани суратга олаëтган пайтда Днестрбўйи кучлари томонидан калтакланиб¸ камера ва видеотасмаси мусодира этилган. Шундан сўнг у минтақага ноқонуний равишда сафар қилганлик ва милицияга зарар етказганлик айби билан қамоққа олинган.

Воқеа юзасидан Чегара билмас журналислар гуруҳи халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб¸ Молдова телевизион фотомухбирининг хавфсизлиги ва озод этилишига ëрдам кўрсатишга чақирди.

"Биз Дину Мижа тақдири хусусида анча ташвишдамиз. Ушбу минтақада журналистик фаолият олиб бориш қанчалик қийин эканлигини биламиз. Биз Россия¸ Украина¸ Европа Иттифоқи¸ Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа кенгашини Молдова ҳукуматининг мурожаатига жавоб беришга чақирдик. Улар мазкур журналистнинг хавфсизлиги ва иложи борича тезроқ озод этилишига таъсир кўрсатишларига умид қиламиз"¸ - деди Чегара Билмас Журналистлар гуруҳининг Европа бўйича Париждаги вакили Сориа Блатман.

Аммо фотомухбир Мижа тақдири ҳозирча номаълум. У сепаратчилар томонидан 15 кун муддатга ҳибсга олинган. Воқеа Молдова билан Днестрбўйи минтақаси ўртасида вазиятни кескинлаштириб юборди. Шу йил ëз фасли бошларида Днестрбўйи минтақасида русийзабон сепаратчилар румин тилидаги бир неча мактабни ëпган эди. Молдова ҳукумати эса Днестрбўйи билан музокаралар олиб боришни тўхтатиб¸ минтақа экспортини тўсиб қўйди. Бунга жавобан сепаратчилар Молдованинг жанубий ва маказий қисмларини таъминлайдиган электр қувватини кесиб¸ темир йўл ҳаракатларини тўхтатиб қўйиди.

Маълумки Россия тарафдори бўлган Днестрбўйи 1990 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган эди. Ўшанда ушбу минтақадаги русийзабон аҳоли Молдованинг қўшни Руминия билан бирлашиб кетишидан хавотирланган эди. 1992 йилнинг ëзида томонлар ўртасида юз берган тўқнашувлар натижасида бир минг 500 киши нобуд бўлган эди.

Россия¸ Украина ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти воситачилигида ўн йилдан буëн олиб борилаëтган музокараларга қарамай тарафлар уруш қилмаслик келишувига эриша билгани йўқ.

Молдовалик фотомухбирнинг қамоққа олинишидан икки кун олдин Днестрбўйи кучлари ББС телевидениеси журналистларини ҳам бир неча соат ушлаб туришган. Мазкур журналистлар Колбасна қишлоғидаги Совет даври мактабларини суратга олиш мақсадида Днестрбўйига боришган.

Бироқ Днестрбўйи расмийлари ББС мухбирларини жосусликда айблаб¸ улар НАТО ва АҚШ учун ҳарбий маълумотлар тўплаш мақсадида минтақага келганлигини иддао қилмоқда.
XS
SM
MD
LG