Линклар

Фанлар академиясига мадад келди


Феруза Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарорда бир қанча давлат идоралари томонидан тузилган комиссия томонидан ЎзФАда ўтказилган хатлов натижалари маълумот учун қабул қилиниши, академия муассасалари мул-мулки, асбоб-ускуналари ва бошқа моддий бойликлари сотилишидан тушган тушумлар даромад солиғидан озод этилиши белгиланган. Ҳужжатда айтилишича, бу тушумлар ФАнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, биринчи навбатда, илмий техника ва лаборатория асбоб-ускуналари харид қилиш мақсадларига йўналтирилиши белгиланган.

ЎзФА вице-президенти Саъдулла Лутфуллаевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда фундаментал, илмий-техникавий тадқиқотларнинг тахминан 80 фоизи академия томонидан бажарилади. Бу ишларни замонавий даражага кўтариш учун ФАнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш керак эди. Айни пайтда академия олимлари ўтган асрнинг 70-80-йилларида харид қилинган асбоб-ускуналарда ишламоқда. Улар замон талабларига жавоб бермайди, жуда эскирган.

С.Лутфуллаевнинг маълум қилишича, янги қарорда олимларнинг моддий аҳволини яхшилаш тўғрисида моддалар йўқ. Бу масала Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилда чиқарилган қарори билан ҳал қилинган. Ушбу қарорда фан грант тизимига ўтказилган. Яъни олим бирор тадқиқот бўйича ишламоқчи бўлса, грант олади ва шу асосда моддий рағбат ҳам кўради.

Қарорда ФАнинг илмий-тадқиқот муассасалари биноларини, иншоотларини таъмирлаш, замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, приборлар ва фан эҳтиёжи учун ядро ёқилғиси харид қилиш учун маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясида 123 та академик, 500 дан ортиқ фан доктори, икки мингдан ортиқ илмий ходим фаолият кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG