Линклар

logo-print

Фиғонни фалакка кўтарадиган қарор

  • Барно Анвар

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 13 августда қабул қилинган четдан товар олиб келувчи жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни кўзда тутувчи қарори 1 сентябрдан бошлаб кучга кирди.

Вазирлар Маҳкамасининг савдо-сотиққа оид аввал қабул қилган қарорлари сингари бу қарор ҳам бозорларда савдо қилувчи якка тадбиркорларнинг кескин норозилигига сабаб бўляпти.

Тошкент шаҳрининг “Чорсу” буюм бозорида “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган тадбиркорларнинг кўпчилиги бу қарор ҳақида эшитиши билан фалакка кўтарилди.

“Эри олиб келган молни хотини сотишига рухсат йўқ. Агар ҳар иккаласи товар олиб келишга борса, харажат икки баробар ошади. Натижада савдога чиқарилган маҳсулотларнинг ҳам нархи ўз-ўзидан кўтарилиб, оғирлик халқнинг бўйнига тушади. Баъзилар “Ўрикзор”дан (Тошкентдаги улгуржи бозор) мол олиб келиб сотади. Улардан ҳам рўйхатдан ўтиб, четдан мол олиб келиб сотиш талаб қилиняпти ”, деди тадбиркорлар.

Бундан чиқди, сотувчи ва харидорга енгиллик яратиш баҳонасида қабул қилинган бу қарор аслида уларга зарар келтирар экан, унда бундай ҳужжатни амалга тадбиқ этиш шартмиди? Қолаверса, бозорларда ислоҳот ўтказилар экан, унинг зарурати ўрганиладими?

“Озодлик” мухбири шу каби саволлар билан Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилди. Қўмита вакили бу ҳужжат валюта оқимини тартибга солиш мақсадида қабул қилинганини билдириш билан чекланди, холос.

Аммо сотувчилар қарор кўзланган мақсадга эришишга ёрдам беришига кўзи етмаётганини эътироф этмоқда. Бу ҳужжат тадбиркорларга енгиллик ўрнига, мушкуллик туғдирмоқда. Эътирозлар эса давлат идоралари томонидан инобатга олинмаётир.

Бугунги кунда бозорлардаги вазият ҳам анча танг. Бирор буюмнинг нархи қимматлиги ҳақида сотувчига айтсангиз, у нақ портлаб кетади. Албатта, харидор ҳам тинч турмайди.

Иқтисодчи Хайрулла Ботировнинг таъкидлашича, бозорлар фаолиятини тартибга солиш мақсадида сўнгги вақтларда чиқарилган қарорлар аслида бозорлар манфаатига хизмат қилаётгани йўқ. Сотувчи ўзи сотаётган маҳсулотнинг мувофиқлик сертификатига эга бўлиши ҳақида жорий йил июлда қабул қилинган қарорни бунга мисол қилиш мумкин. Бу ҳужжатга асосан иш юритадиган бўлса, дейлик деҳқон ўзи етиштирган ҳосилни бозорга олиб чиқиш учун қанчадан-қанча харажат қилиши, елиб-югуриши керак. Сертификатни олиш учун топширилган ариза эса энг камида 14 кунда кўриб чиқилиши белгиланган. Деҳқон шунча кун кутгандан кўра порани бериб, тамға босилган қоғозни олади ва савдосини қилаверади.

Иқтисодчининг фикрича, бундай тартиб-қоидаларнинг амалга ошмаслиги у жорий этилмасдан аввалоқ маълум эди. Шунга қарамай, ҳукумат кафолатланган қонунбузарликка йўл очиб берди.
XS
SM
MD
LG