Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:06

Қирғизистон Шоҳимардонга эгалик қилмоқчи


Феруза Хабарларга қараганда, куни-кеча Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича навбатдаги икки томонлама музокаралар бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг сўзларига қараганда, икки давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ишлари уч йилдан буён давом этмоқда. Икки давлатнинг умумий чегаралари узунлиги тахминан 1200 километрдан ортиқроқ. Шунинг 690 километри бўйича юридик ҳужжатлар ўрганилиб, хариталар чизилган. Шўролар даврида гарчи маъмурий чегаралар белгиланган бўлса-да, улар тахминан ўтказилган. Шу боис, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда чегараларни аниқлаш қийин кечмоқда.

Россия ва Қирғизистон матбуоти тарқатаётган хабарларда айтилишича, Қирғизистон парламенти Ўзбекистондан Шоҳимардон анклавини Қирғизистонга қайтариб беришни талаб қилган. Қирғиз депутатларининг даъвосича, шўролар даврида Шоҳимардон Ўзбекистонга амалдорлар дам оладиган жой сифатида берилган. Лекин бу жараён тегишли юридик ҳужжатларсиз амалга оширилган. Депутатлар икки томонлама музокаралар чоғида бу масалани кун тартибига киритиш талабини илгари сурган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг таъкидлашича, чегаралар билан боғлиқ ҳар қандай муаммо делимитация ва демаркация ишлари билан шуғулланувчи икки томонлама комиссия фаолияти доирасида муҳокама қилинади.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган расмийлардан бирининг маълум қилишича, Тошкентда делимитация ва демаркация масалалари бўйича иш бошлаган комиссия мажлисида Шоҳимардон масаласи кўтарилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG