Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:38

Рейчел Денбер Президентга мактуб ёзди


Шайбон Жорий йилнинг март-апрель ойларида Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятларида содир этилган портлашлар айбдорларини аниқлаш ва жавобгарликка тортиш жараёнида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳаддан зиёд зўравонликка йўл қўймоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ижрочи директори вазифасини бажарувчи Рейчел Денбер хонимнинг Ўзбекистон Президенти номига йўллаган мактубида шундай дейилади.

Мактубда таъкидланишича, портлашлардан сўнг милиция ходимлари кўп ҳолларда фуқароларни прокурор ордерисиз ҳибсга олиб, уларнинг хонадонларида тегишли рухсатсиз тинтув ўтказган. Ҳибсга олинганлар ҳафталаб, баъзан ойлаб тўлиқ изоляцияда сақланган. Айрим ҳолларда ҳибсдагиларнинг яқинлари уларнинг қаерда сақланаётганини билмаган. Бундай амалиёт Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 9-моддасига мутлақо зиддир. Зеро, айни моддага асосан ҳар бир шахснинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги, асоссиз ҳибсга олинишига йўл қўйилмаслиги кафолатланади. Шу билан бирга, мазкур моддага кўра, ҳар бир шахс унга қўйилаётган айбларнинг нечоғлик асослилиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, ҳибсга ёхуд назорат остига олинишининг нечоғлик асослилигини суд текшируви орқали аниқлаш ҳуқуқига эга.

Президент номига йўлланган мактубда Р.Денбер ўзбекистонлик номаълум тарзда ғойиб бўлган беш фуқаро масаласини ҳам кўтарган. Унинг билдиришича, бу шахслар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олингани ҳақида гумонлар мавжуд.

Мактуб сўнггида Р.Денбер Президентдан Қизил хоч халқаро қўмитаси вакилларининг ҳибсга олинган барча шахслар олдига кира олишига имконият яратишни, диний эътиқоди учун қамалганларга нисбатан қўлланилаётган чоралар хусусидаги шикоятларни ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни сўраган. Йўқолган шахслар агар тергов изоляторларида бўлса, бу ҳақда уларнинг яқинларини хабардор этиш ва адвокатлар билан учраштириш каби тавсиялар берган.

“Ҳьюман райтс уотч”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг сўзларига қараганда, бу каби мактублар Президент номига илгари ҳам жўнатилган. Лекин бирортасига жавоб олинмаган. Шунга қарамай, агар Президент мамлакат фуқароларининг хавфсизлиги учун қайғурса, албатта, юборилган мактуб ва ундаги тавсияларга эътибор қаратмоғи лозим. Чунки мактубда инсон ҳуқуқларига оид муҳим масалалар кўтарилган. Бу мавзу хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Зеро, бирор шахс ҳибсга олиниб, қийноқлар остида айби бўйнига қўйилса, ҳақиқий жиноятчи жазога тортилганига ҳеч ким кафолат бермайди.

“Шубҳасиз, содир этилган портлашлар ортида чинакам жиноятчилар турибти. Шундай экан, биринчи галда уларни аниқлаш керак. Мустақил мусулмонларни, диссидентларни ёхуд тузумга ёқмайдиган шахсларни эмас, айнан ҳақиқий жиноятчиларни топиб, жазолаш зарур”, деди А.Гилл.

Баҳордаги портлашлардан кейин Президент Ислом Каримов ҳукумат комиссиясига айбсиз шахсларни ҳибсга олмаслик, уларни беҳуда сарсон-саргардон қилмаслик ҳақида кўрсатма берганини айтган эди. Шунингдек, Бош прокурор Рашид Қодиров ҳам бу жиноят юзасидан олиб бориладиган тергов-суриштирув давомида инсон ҳуқуқларига қаттиқ риоя этилишини билдирганди.

Аммо Р.Денбернинг Президентга йўллаган мактубида инсон ҳуқуқлари жиддий камситилаётгани айтилади.

А.Гиллнинг фикрича, сўнгги бир-икки йил ичида ҳукумат қийноқлар масаласида ижобий қадам ташлаганини кўриш мумкин. Яъни бундан беш йил муқаддам расмийлар қийноқлар хусусида умуман гапирмаган бўлса, ҳозир бу мавзу ошкора муҳокама этиляпти. Ҳукумат қийноқлар мавжудлигини қисман бўлса-да, тан олаётир. Аммо муаммони тўлиқ бартараф этиш учун тегишли чоралар кўрилмаяпти.

Ўзбекистон расмийлари Р.Денбернинг Президенти мактуби юзасидан ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG