Линклар

Ўзбек жуналистлари бирдам эмас

  • Барно Анвар

8 сентябрь Журналистлар бирдамлиги халқаро кунидир. Бу сана Ўзбекистон журналистлари ўртасида кенг нишонланмайди. Аммо мамлакатда фаолият кўрсатадиган хорижий ОАВ вакиллари 8 сентябоь куни йиғилишлар, мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказади.

Дастлаб ушбу сана тарихи ҳақида икки оғир сўз. 1943 йил 8 сентябрда чех журналисти Юлиус Фучик гитлерчи фашистлар томонидан қатл қилинган. Журналистлар халқаро ташкилоти 1958 йилда унинг хотирасига 8 сентябрни Журналистлар бирдамлиги халқаро куни сифатида нишонлаш ҳақида қарор қабул қилган.

“Озодлик” мухбири мазкур сана муносабати билан хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди.

“Ёшлар” радиоси журналисти Икромжон Чориевнинг фикрича, Ўзбекистонда бирорта маҳаллий журналистни ҳимоя қилиш талабини хорижий ОАВ орқали кўтариб чиқиш мумкин. Аммо маҳаллий матбуотда бу ҳақда ёзишнинг имкони йўқ.

Маҳаллий журналист Шоҳиста Орипованинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги журналистлар ўртасида бирдамликни кузатиш қийин. Бунинг сабаби уларнинг тўла эркин эмаслигидадир.

Журналист Умида Ҳасанованинг сўзларига қараганда, баъзан таъқиб-тазйиққа учраган журналистнинг ҳамкасблари томонидан ҳимоя қилинишини кузатиш мумкин. Аммо бу ҳақдаги мақолалар ҳар томонлама силлиқланиб, ҳукумат раъйига мосланиб ёзилади.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (Буюк Британия) Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоева сўзларига қараганда, Ўзбекистон журналистлари ўртасида бирдамлик йўқ.

“Бунинг сабаби журналистларнинг ўзида эмас, мамлакатда бунга тўсқинлик қилувчи тизим яратилганидадир. Яъни ҳукумат барча мустақил ОАВ фаолиятини тўхтатиб қўйган. Табиийки, давлатга қарашли ОАВда ишлаётган журналистлар бир-бирининг ҳимояси учун ҳукумат хоҳишига қарши бора олмайди. У ишдан ҳайдалиши ёки нашри ёпилиши мумкин. Сўнгги вақтларда ўз ҳамкасбини қутқаришга, маънавий қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр турган хорижий журналистлар ҳам таъқиб остига олинмоқда”, деди Г.Бухорбоева.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий ОАВ вакиллари ўртасида бирдамлик бор. Аммо бу ҳам анча қийинчиликлар эвазига амалга ошириляпти. Ўзбекистонда журналистларни ҳимоя қиладиган бирорта ташкилот йўқ. Бутун дунёда журналистлар манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик муассасалар, журналистик ташкилот бор. Ўзбекистонда эса журналистни ҳамкасбигина ҳимоя қилади. Бунинг эвазига тазйиқ остида қолади. Табиийки, бундай шароитда журналистлар ўртасида тўлақонли бирдамлик бўлиши қийин.

8 сентябрь куни Журналистлар бирдамлиги халқаро куни муносабати билан Ўзбекистонда бир неча давра суҳбатлари ўтказилди. Шундай тадбирларнинг бирида иштирок этган Россия ОАВ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази директори Галина Арапова Ўзбекистонда журналистларни юридик жиҳатдан ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини тиклаш ҳақида гапиришга асос йўқлигини билдирди. Унинг айтишича, мамлакатда журналистлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига эҳтиёж туғиладиган даражада ишлаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG