Линклар

logo-print

Андижонда таблиқчилар устидан суд бўляпти


Турғунбек Шу кунларда Андижонда “Таблиқ” диний жамоасига аъзоликда айбланаётган ўн бир фуқаро устидан суд жараёни давом этмоқда.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти Андижон вилояти бўлими раиси Лутфулла Шамсуддиновнинг сўзларига қараганда, жорий йилнинг 6 августида Жиноят кодексининг 244-моддаси 2-қисми (ноқонуний диний ташкилотга аъзолик) бўйича айбланаётган 4 фуқаро устидан Андижон вилояти жиноят ишлари судида суд жараёни бошланган. 18 август куни ўқилиши керак бўлган ҳукм аввал 25 августга, сўнг эса 6 сентябрга қолдирилган. 6 сентябрь куни эса ҳуқуқ ҳимоячилари судланувчилар сафига яна 7 киши қўшилганига гувоҳ бўлган. Айни пайтда уларнинг барчаси “Таблиқ” диний жамоасига аъзоликда айбланиб, биргаликда суд қилинмоқда.

Л.Шамсуддинованинг таъкидлашича, судланувчиларнинг тўрт нафари 50 дан 65 ёшгача, қолганлари 25 дан 40 ёшгача бўлган шахслардир. Улар орасида олий маълумотлилар ҳам бор. Масалан, 1958 йилда туғилган Тоҳиржон Аҳмедов ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) шарқшунослик факультетини тамомлаб, Ҳиндистонда бир неча йиллар ишлаган. Ўткирбек Юсупов эса Андижон халқ хўжалиги институтини битирган. У оғир касалга чалингани учун ихлосдан халос, деган мақсадда масжидда намоз ўқиб юрган.

Андижондаги “Аппеляция” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Саиджаҳон Зайнобиддинов айтишича, илгари водийда “Таблиқ” номли диний жамоа бўлмаган. У яқинда пайдо бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органларини динга чуқур берилган таблиқчиларнинг кейинчалик экстремистик оқимларга қўшилиб кетиши эҳтимоли ташвишга солмоқда. Таблиқчилар варақа тарқатгани, қасамёд қилгани, сиёсатга қарши даъватлар билан чиққанини кўпчилик эшитмаган.

Вилоятдаги масжидлардан бирининг имоми “Озодлик” мухбирига билдиришича, “таблиқ” сўзининг маъноси “етказиш” демакдир. Бу жамоа исломни кишиларга етказишга ҳаракат қилади. “Таблиқ” сиёсатдан холи ташкилот саналади. Унинг асосчиси Муҳаммад Илёс Дарбандий бўлиб, Дарбандийнинг устози Муҳаммад Юсуф Деҳлавий 1969 йилда қазо қилган. Дарбандий ҳозирги кунда Бангладеш таблиқчиларининг раҳбаридир.

Имом таблиқчиларнинг олти таълимоти ҳақида ҳам сўзлаб берди.

“Биринчиси, доимо калимаи тайибани айтиб юриш. Иккинчиси, намозни вақтида ўқиш. Учинчиси, илм ва зикр қилиш, яъни Аллоҳнинг сўзини айтиш билан бир қаторда ўз билимини ошириб бориш. Тўртинчиси, ҳар бир мусулмонга ҳурмат-иззат кўрсатиш. Бешинчиси, ҳар бир мусулмонни ихлосга чақириш. Олтинчиси, Аллоҳ йўлида ҳамма нарсасини аямай сарф қилиш”, деди имом.

Имомнинг таъкидлашича, таблиқчиларнинг ҳаракат усули бутун дунёга маълум. Улар тажовузкор эмас, фақирона ҳаёт кечиради. Таблиқчилар фақат тарғибот олиб боради, эҳсон олмайди. Чунки эҳсон зоҳидлик ҳаётига халал беради, деб ҳисоблайди. Сиёсатга умуман аралашмайди. Фақат масжидларда фаолият кўрсатади.
XS
SM
MD
LG