Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:42

Ўзбек аёли ва катта бизнес


Феруза Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда беш мингдан ортиқ аёл кичик ва ўрта бизнес соҳасида фаолият кўрсатади. Бироқ мамлакатда катта бизнес билан шуғулланаётган аёллар бармоқ билан санарли.

Собиқ тадбиркор, айни пайтда “Иқбол” ёшлар маркази директори Нигор Ғаффорованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда тадбиркорлар оёққа туриб олмасиданоқ, уларни турли маъмурий йўллар билан сиқиб қўйиш ҳолатлари бор.

Тадбиркор Манзура Ёқубованинг фикрича, кичик тадбиркорликни ривожлантириш катта бизнес сари йўл очади. Аммо мамлакатда кичик тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёлларнинг кредит олишига тўсиқлар мавжудлиги уларнинг фаолият кўлами кенгайишига йўл қўймайди.

“Тадбиркор аёл” уюшмаси ижрочи директори Малика Раҳимжонованинг таъкидлашича, аёлларнинг катта тадбиркор бўлишига асосий тўсиқ уларда мулк йўқлигидадир. Ўзбек жамиятида аёл номига мулк бўлиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Бу эса аёлнинг кредит олиш имкониятини чеклайди.

“Тадбиркор аёл” уюшмасининг лойиҳалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Саида Тўхтаеванинг айтишича, тадбиркорликка оид меъёрий ҳужжатлар базаси барқарор эмас. Масалан, тадбиркорлик ҳақида бирорта қонун қабул қилинган бўлса, бироз ўтгач чиқарилган Вазирлар Маҳкамаси қарори бу қонунга зид бўлади.

Н.Ғаффорова ўзбек жамиятида аёл киши зиммасидаги маиший юк катталиги, шунинг учун тадбиркорликни бошлаган ёки бошлайдиган аёл олдида ҳар доим оила ёки бизнес, деган масала кўндаланг туришини таъкидлади.

“Ўзбекистонда катта бизнес билан шуғулланаётган аёллар оз сонли бўлса-да, бор. Бу аёллар, назаримда, шўролар давридаёқ катта имкониятларга эга бўлган ва ҳозир ўша салоҳиятидан фойдаланмоқда”, деди Н.Ғаффорова.

Суҳбатдошларнинг эътирофича, Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёллар учун имтиёзлар ва ҳомийлар йўқлиги, керак вақтда жамиятнинг улар тақдирига бефарқлиги хотин-қизларнинг катта бизнесга қўл уришига имкон бермаётир.
XS
SM
MD
LG