Линклар

Террорга қарши курашнинг кучайтирилиши терроризм хавфини камайтиргани йўқ

  • Садриддин Ашур

2001 йил 11 сентябрда АҚШда террорчилик ҳаракатлари содир этилганига уч йил тўлди. Террорчиларнинг мана шу ҳаракатлари уч мингга яқин кишининг қурбон бўлишига олиб келганди.

11 сентябрь воқеасидан сўнг АҚШ Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган “Толибон” ҳаракати ва “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳига қарши уруш ҳаракатларини бошлаб юборди. Бу ҳаракатлар Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам айрим ўзгаришларга сабаб бўлди. Зеро, Ўзбекистон анча аввалроқ мамлакатга айнан Афғонистон томондан хавф мавжудлигини таъкидлаб келаётган эди.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқнинг сўзларига қараганда, 11 сентябрь воқеасидан сўнг фақат Ўзбекистон эмас, балки бутун Марказий Осиёда янги геосиёсий вазият пайдо бўлган. Ўзбекистонга катта хавф солаётган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг асосий кучлари йўқ қилинган ва Афғонистондаги толиблар ҳукмронлигига барҳам берилган. Бу эса Марказий Осиёдаги барқарорликка катта ижобий таъсир кўрсатган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси котиби Собиржон Усмоновнинг таъкидлашича, 11 сентябрь воқеаси инсоният терроризмнинг асл моҳиятини англашига имконият яратган. Шундан сўнг Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам бир қанча ўзгаришлар бўлган. АҚШ ва Россия билан стратегик шериклик тўғрисида ҳужжатлар имзоланган.

Сиёсатшунос Комрон Алиевнинг фикрича, Афғонистонда “Толибон” ҳаракатига қақшатқич зарба берилгани ва бошқа аксилтеррор чора-тадбирлар терроризм хавфини камайтиргани йўқ. Буни Испания, Россия ва Туркияда содир этилган портлашлар ҳам кўрсатиб қўйди. Жаҳонда хавфсизлик чораларини кучайтириш ва аксилтеррор операцияларга жуда катта маблағ сарфланмоқда. Бу эса жаҳон иқтисодиётига жиддий салбий таъсир этяпти.

М.Абдураззоқнинг билдиришича, Ўзбекистон терроризм хавфидан тўла қутулгани йўқ. Афғонистонда кучли марказлашган давлатнинг вужудга келмагани, толибларнинг тўлиқ тор-мор этилмагани, оғир иқтисодий вазият Ўзбекистонга нисбатан хавфнинг мавжудлигини таъминламоқда.

Сиёсатшуносларнинг эътирофича, 11 сентябрь воқеаси аксилтеррор кучларни бирлаштирган. Терроризмга қарши уруш эълон қилинган. Лекин мазкур хавфга қарши кураш баҳонасида инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари ҳам кўпайган. Хусусан, Ўзбекистонда юз берган портлашлардан сўнг диний эътиқоди учун кўплаб кишилар қамоққа тиқилган.
XS
SM
MD
LG