Линклар

Андижонда савдогарларнинг норозилиги кучаймоқда


Турғунбек Хабарларга қараганда, Андижон шаҳридаги “Холис” буюм бозорида савдо қилувчи аёлларнинг бундан бир неча кун илгари бошланган норозилик чиқишлари ҳамон давом этмоқда.

Маълум бўлишича, бу чиқишларда беш юзга яқин савдогар аёл иштирок этмоқда. Улар расмийларнинг Вазирлар Маҳкамасининг четдан товар олиб келувчи якка тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида август ойида қабул қилинган қарорини амалга ошира бошлаганига норозилик билдиряпти. 7 сентябрь куни бўлиб ўтган илк норозилик чиқиши вақтида аёллар Андижон шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасидаги транспорт ҳаракатини бир муддат тўхтатиб қўйган эди. Бундай акциялар 10-11 сентябрь кунлари ҳам давом этган.

Савдогар аёлларнинг сўзларига қараганда, норозилик чиқишлари вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари унинг қатнашчиларига нисбатан куч ишлатмоқда. Айни пайтда акция иштирокчиларидан 11 киши ҳибсда сақланмоқда. Намойишчилар ҳибсдагилар озод этилиши талаб қиляпти.

Ҳибсга олинганларнинг тақдири ҳозиргача номаълумлигича қоляпти. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳақда маълумот беришни истамади.

“Озодлик” радиосининг мазкур норозилик чиқишини ёритаётган мухбири ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан милиция таянч-пунктига олиб кетилди ва унга нисбатан қўполлик ишлатилди. 100-150 нафар аёл таянч пункти олдига келиб, мухбирни қўйиб юборишни талаб қилгандан сўнггина у фаолиятини давом эттирди.
XS
SM
MD
LG