Линклар

logo-print

“Самарқанд”нинг кечаси ва бугуни


Феруза Самарқанд шаҳрида чиқадиган “Самарқанд” газетаси турли узилишлар билан юз йилдан буён чоп этилиб келинади. Бу газета ўзбек матбуотининг энг отахон нашрларидан бири ҳисобланади.

“Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Нурилла Остоновнинг сўзларига қараганда, нашрга 1904 йил 10 апрелда Самарқандда яшаётган бир гуруҳ рус зиёлилари асос солган. Газета 1904-1907 йилларда меньшевиклар ва большевикларнинг нуқтаи назарларидан ташқари маҳаллий халқ муаммоларини ҳам ёритиб борган.

Машҳур ўзбек маърифатпарвари, жадидчилик ҳаракати раҳбарларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1914 йилда “Самарқанд” газетасини рус, ўзбек, тожик тилларида чоп этишни йўлга қўйди. Маълумотларга кўра, 1917 йилдаги октябрь тўнтаришидан сўнг газета узоқ йиллар давомида фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Ниҳоят 1989-1991 йилларда “Самарқанд” газетаси яна тикланган.

Шоир Жамол Сирожиддиновнинг айтишича, ўтган аср бошларида нашр этилган “Самарқанд” газетаси жадидчилик ҳаракати намоёндаларининг орзу-истакларини ўзида ифодалаган. Унда халқни маърифатли қилиш, мастабларни ислоҳ этиш каби мавзулар ёритилган. Газета муаллифлари орасида Шукруллозода, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Боту ва бошқалар бўлган.

Ж.Сирожиддиннинг таъкидлашича, “Самарқанд” газетаси тарихнинг энг кескин бурилишларида қайта-қайта тикланиб келган. У ўша давр учун долзарб бўлган муаммоларни ёритиб келган. Ҳозирги кунда чиқаётган “Самарқанд” газетаси ҳам истиқлолни мустаҳкамлаш, мустақиллик ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланмоқда.

Н.Остоновнинг маълум қилишича, ўтган аср бошида “Самарқанд” газетасининг йилига 299 тагача сони чоп этилган. Ҳар бир сони 5 мингдан 9 мингтагача нусхада босилган. 1991 йилда қайта ташкил этилган “Самарқанд” газетаси эса энг кўпи билан 7 мингтагача нашр қилинган. Ҳозир эса 1,5 мингтагача босилади.
XS
SM
MD
LG