Линклар

Ислом Каримов Чехияда элчихона очмоқчи

  • Садриддин Ашур

12 сентябрь куни Чехия Республикаси Президенти Вацлав Клаус Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди. Бу Чехия давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга илк расмий ташрифи ҳисобланади.

Чехия Президенти В.Клаус ташрифининг расмий қисми 13 сентябрь куни Тошкентдаги “Дўрмон” қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан яккама-якка музокарадан бошланди. Музокаралар икки давлат делегациялари иштирокида кенгайтирилган тартибда давом этди. Шундан сўнг ҳужжатлар имзолаш маросими бўлди. Унда Президентларнинг қўшма баёнотига, Чехия томонидан Ўзбекистонга 20 миллион доллар миқдорида кредит ажратилиши тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекилди.

Икки давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур музокаралар Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболларини очиб бергани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти И.Каримовнинг сўзларига қараганда, гарчи ўзаро иқтисодий ҳамкорлик мавжуд бўлса-да, фойдаланилмай қолаётган имкониятлар жуда кўп.

“Шу сабабли биз саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорликни фаоллаштиришга қизиқиш билдирдик. Асосий йўналиш сифатида эса ўзаро товар айрбошлаш кўламини кенгайтиришни белгиладик”, деди И.Каримов.

В.Клаус Ўзбекистонга бир гуруҳ ишбилармонлар ҳамроҳлигида келгани, ҳамкорликни ривожлантириш йўллари ўрганиб чиқилиши ҳақида гапирди. У икки давлат ўртасида иқтисодий ва инвестиция борасидаги алоқалар, савдо-сотиқ янада кучайишига умид билдирди.

И.Каримовнинг таъкидлашича, Чехия тўқимачилик саноати анча ривожланган бўлишига қарамай, чех ишбилармонлари пахта толасини учинчи қўлдан олади. Ваҳоланки, бу борада тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш мумкин. Бунинг учун эса икки томон ҳам манфаатдор бўладиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш керак, холос.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон раҳбари халқаро терроризм масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими фаолияти 16 та араб давлатида тақиқланган. Аммо Ғарбдаги айрим давлатлар бу диний ташкилотга бошпана бермоқда. Лондонда “Ҳизб ут-таҳрир”нинг бош қароргоҳи фаолият кўрсатаётгани бунга мисол бўлади. Марказий Осиё давлатларида ҳам у билан курашга жиддий эътибор қаратилаётгани йўқ. Қозоғистон парламенти бу оқимни тақиқлашга эндигина тайёргарлик кўрмоқда. Қирғизистон парламентида эса “Ҳизб ут-таҳрир” фаолиятини қонунийлаштириш ҳақида гап-сўзлар юрибди.

И.Каримов бундай вазиятда халқаро терроризмга қарши курашиб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, халқаро терроризмни фақат ва фақат ҳамкорлик орқали енгиш мумкин. Бунинг учун барча давлатлар терроризмни бир позицияда туриб кўриши, террорчиларга қарши олдиндан зарба бериши керак.

В.Клаус халқаро терроризмга қарши кураш масалада Ўзбекистон Президенти билан ҳамфикр эканини маълум қилди.

И.Каримов Чехияда Ўзбекистоннинг элчихонаси очилиши зарурати пайдо бўлганини билдирди. Унинг фикрини Чехия раҳбари маъқуллади.
XS
SM
MD
LG