Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:01

Ўзбекистон-Чехия иқтисодий муносабатлари


Чехия Республикаси Президенти Вацлав Клауснинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда. Ушбу ташриф давомида икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда чех инвесторлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 28 та қўшма корхона ишлаб турибди. Бу корхоналарнинг иккитаси тўлиқ чехиялик сармоядорлар маблағи ҳисобига фаолият кўрсатяпти. Мазкур корхоналар, асосан, озиқ-овқат, сут-гўшт маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш моллари, дори-дармон ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш билан машғул.

Чехиянинг еттита компания ва фирмаси ваколатхоналари Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигида рўйхатдан ўтган. Улар, асосан, нефть, газ ва нефтни қайта ишлаш ускуналари, машинасозлик, фармацевтика, савдо, туризм ҳамда экспорт-импорт операциялари соҳасида иш олиб боради.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган сиёсатчилар ва сиёсий шарҳловчилар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари шу вақтгача сезиларли бўлмаганини таъкидлади.

Сиёсий шарҳловчи Ғофур Жамоловнинг сўзларига қараганда, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг ўзига хос мушкулликлари бор. Булардан энг биринчиси мамлакатларнинг географик жиҳатдан бир-биридан жуда узоқда жойлашганидир. Бу эса ўзаро етказиб берилаётган маҳсулотларнинг таннархини ошириб юборади.

1997 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Чехияда бўлган эди. Ушбу ташрифдан мақсад икки давлат ўртасида ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий муносабатларни юксалтириш бўлганди. Ўша вақтда Чехия Бош вазири, ҳозирда эса Президенти Вацлав Клауснинг Ўзбекистонга ташрифидан ҳам айнан шу каби мақсадлар кўзланган.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг таъкидлашича, барча соҳаларда алоқаларни ривожлантиришдан ҳар икки давлат ҳам манфаатдор. Собиқ иттифоқ республикалари Чехословакия (ҳозирги Чехия ва Словакия) маҳсулотларининг асосий харидорлари эди. Бугун эса Чехия тадбиркорларининг маҳсулотлари Ғарбий Европани бемалол эгаллай олмайди. Чунки улар ҳозирча рақобатбардош эмас. Айни пайтда бу товарлар ўзининг анънавий бозорларини (собиқ иттифоқ давлатлари) қидирмоқда. Шунинг учун Чехия компанияларининг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга қизиқиши катта.

М.Абдураззоқовнинг фикрича, Чехия билан иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш Ўзбекистон ҳукуматини қизиқтираётган асосий жиҳат эмас. Чехия Европа Иттифоқи ва НАТО аъзосидир. Бу эса Ўзбекистон учун анча муҳим. Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Польша ўртасида ҳарбий ҳамда иқтисодий алоқалар жонланганига ҳам худди шу жиҳат замин бўлганини таъкидлаш тўғри бўлади.
XS
SM
MD
LG