Линклар

logo-print

Бойитилган уран Ўзбекистондан Россияга олиб ўтилди


Ҳурмат Бобажон АҚШ Энергетика вазирлиги Ўзбекистондаги бойитилган уран россиялик ва америкалик мутахассислар кўмагида Россияга олиб ўтилганини маълум қилди. Ядровий моддани Ўзбекистондан Россиянинг Дмитровоград шаҳрига олиб ўтиш ўта махфий тарзда, Халқаро атом энергияси агентлигининг кучли назорати остида амалга оширилган. Бойитилган уран ядровий қуролнинг муҳим компоненти ҳисобланади. Шу боис Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги бойитилган уран террорчи гуруҳлар қўлига тушиб қолишидан хавотирланиб, уни Россияга олиб ўтишга ва ядровий қурол учун яроқсиз холга келтиришга киришди.

11 килограмм оғирликдаги юқори даражада бойитилган уранни Ўзбекистондан Россияга олиб ўтиш ишлари бир кун давом этди. 9 сентябр куни ядровий модда махсус қутиларга солиниб, Тошкент аэропортидан Россиянинг Дмитровград шаҳрига етказилди. Амалиёт махфий бўлгани боис бу ҳақда орадан тўрт кун ўтиб маълум қилинмоқда.
Франс-пресс ахборот агентлигининг АҚШ Энергетика Вазирлиги мулозимларига таяниб билдиришича, Россияга олиб ўтилган уран моддаси Дмитровграддаги махсус ҳимояланган объектда кам бойитилган, яъни ядровий қурол учун ишлатиб бўлмайдиган ҳолатга келтирилади.
Вашингтондаги Ядровий Хавфсизлик бўйича тадқиқот маркази вице-президенти Лора Холгэйт ушбу амалиётни бойтилган уран моддасининг дунё бўйлаб тарқалишининг олдини олишдаги муҳим қадам сифатида таърифлайди.
"Гапираётганимиз бу модда, ядровий қурол ясашда ишлатилади. Шу боис агар у террорчи гуруҳлар қўлига тушиб қолса оқибати ёмон бўлади", - дейди Лора Холгэйт.
Ўзбекистонда сўнгги бир неча ичида қатор портлашлар содир бўлганидан кейин бойитилган ураннинг террорчилар қўлига тушиб қолиши эхтимоли Американи жиддий хавотирга сола бошлаган кўринади. Вашингтон Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотлар соҳасида ваъда қилган режаларни деярли амалга оширмаганлиги боис бу давлатга молиявий ёрдам беришни тўхтатишга қарор қилди. Шу билан бирга "Нанн-Лугар" деб аталувчи дастур доирасида АҚШ Ўзбекистонга ёрдам беришда давом этмоқда. АҚШ сенатори Сэм Нанн ва Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Ричард Лугарлар тарафидан 1991 йилда ишлаб чиқилган ва улар номи билан аталувчи мазкур дастур собиқ Совет ҳудудида кимёвий, биологик ва ядровий қурол ва технологиялар тарқалиши хавфини бартараф этишга қаратилгандир. Яна Лора Холгэйтга кўра, бу ерда глобал муаммо ҳақида гап бораётир:
"Аслида бойитилган уран муаммоси глобал муаммодир. Дунёда ўнлаб ядровий иншоотлар мавжуд. Уларнинг кўпчилиги 50-60 йилларда АҚШ ва Совет Иттифоқи томонидан яратилган бўлиб, тинч мақсадлар, яъни тадқиқотлар ўтказишда фойдаланилади".
Маълумки, Совет даврида Ўзбекистон Иттифоқнинг уран хом-ашёси етиштирувчи республикаси ҳисобланган. Бойтилган уран эса Совет даврида Тошкент яқинидаги 10 мегаваттлик тажриба реакторини ишга тушириш мақсадида Ўзбекистонга олиб келинган эди. Маълумотларга кўра, эндиликда мазкур тажриба реактори кам бойитилган уран ёрдамида ишлатилмоқда.
Бойитилган ураннинг АҚШ ва Россия иштирокида хавфсиз жойга олиб ўтиш ва зарарсизлантириш бешинчи бор ўтказилаётган амалиётдир. Ўтган йиллар мобайнида АҚШ кўмагида Болгария, Руминия ва Ливиядан умумий оғирлиги 48 килограмм бўлган бойитилган уран моддаси Россияга олиб борилган. 2002 йилнинг августида эса айни хажмдаги бойитилган уран Сербия пойтахти Белграддан олиб чиқилди.
XS
SM
MD
LG