Линклар

Президент Путин ўз ҳокимиятини мустаҳкамламоқда

  • Сарвар Усмон

Душанба, 13 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукуматнинг мамлакат субъектлари раҳбарлари иштирокидаги кенгайтирилган мажлисида бошқарув тизимини радикал равишда қайта қуриш режасини эълон қилди. Ҳукумат мажлиси тугаши биланоқ Россиянинг марказий телеканаллари орқали чиқиш қила бошлаган губернаторлар Кремль раҳбарининг режасини тўла қўллаб-қувватлаяжакларини маълум қилдилар. Бироқ, Кремлдан мустақил кузатувчилар фикрича, Путиннинг янги режаси Ельцин даврида пайдо бўла бошлаган демократик қадриятлардан воз кечишдир.

Россия Федерацияси ҳукуматининг кенгайтирилган мажлисида қилган нутқида Президент Путин асосан, уч масалага тўхталди. Мана, Путиннинг таклифларидан бири:

"Россия Федерацияси субъектларининг олий лавозимли раҳбарлари мамлакат Президентининг тавсиясига кўра, субъектлар қонун чиқарувчи йиғинлари томонидан сайланиши керак, деб ҳисоблайман", - деди Путин.

Россия Президенти таклиф қилаётган тартибни тушуниш учун Ўзбекистонда вилоят ҳокимларини тайинлаш тартибини эслаш кифоя. Президент Ельцин даврида шаклланиб, шу пайтгача амалда бўлган тартибга кўра эса, Россия субъектлари ҳокимлари – губернаторлар умумхалқ сайловида сайланар эди.

Путиннинг иккинчи таклифи Парламент депутатларини фақат партиявий рўйхатлар асосида сайлаш ҳамда учинчиси - Жамоатчилик палатасини таъсис этиш тўғрисидаги таклифдир.

Ҳукумат мажлисининг кенгайтирилган форматда ўтказилиши ҳамда Президент Путиннинг давлат бошқарувида радикал ислоҳот ўтказиш таклифи Беслан фожиаси билан боғланмоқда. Бироқ, қатор кузатувчилар, хусусан, Россияда чоп этиладиган "Ведомости" нашри фикрича"регионал ҳокимият ислоҳоти ҳамда депутатлар корпусини қўшимча элакдан ўтказиш кераклиги тўғрисидаги гаплар пайдо бўлганига анча бўлган".

"Ведомости" фикрича, бу ғояни амалга ошириш учун Беслан ўта қулай баҳона бўлиб берди холос. Давлат бошқарувида бу қадар ўзгариш ясашга жаҳд қилишдан мақсад нима?

"Бу диктатура томон қўйилган қадамдир". Давлат Думасининг собиқ депутати Сергей Митрохиннинг бу фикрини "Вашингтон пост" газетаси ўзининг 14 сентябрь сонида, Путиннинг режалари таҳлилига бағишланган каттагина мақолада келтирди.

Балки, собиқ депутат ошириб юбораётгандир? Бироқ, Россиядаги ИНДЕМ сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Георгий Сатаров Путин режасини шарҳлар экан, ундан-да кучлироқ гапни айтади. Унинг фикрича, Президентнинг шу пайтгача халқ томонидан сайланиб келган губернаторларни бундан буён тайинлаш тўғрисидаги таклифи конституцияга мутлақо зиддир.
"Бу сиёсий тизимнинг принципиал ўзгартирилишидир. Бунинг оқибатлари қандай бўлиши олдиндан таҳлил қилинмаган. Ва ўз номи билан айтар бўлсак, бу аксилконституциявий тўнтаришдир", -
дейди Георгий Сатаров.

Озодлик мухбирлари Давлат Думасининг мустақил депутати, таниқли либерал сиёсатчи Владимир Рижковга ҳам мурожаат қилди.
Президентнинг таклифлари менда ғалати таассурот қолдирди. У таклиф қилаётган чоралар бизни, мамлакат фуқароларини террористик ҳужумлардан қай йўсинда ҳимоя қила олиши мутлақо тушунарсиздир", - дейди Владимир Рижков. Унинг фикрича, Президент ўзининг шахсий ҳукмдорлиги ва Кремль ҳокимиятини мустаҳкамлашни мамлакатни мустаҳкамлаш, деган тушунча билан адаштириб юбораяпти.
Мен бу ташаббусни, биринчидан, террорга қарши курашга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, иккинчидан, мамлакатни парчаланиш томон олиб борадиган амаллар, деб биламан", - дейди Давлат Думаси депутати Владимир Рижков.

Президент Путиннинг субъектлар раҳбарларини тайинлаш тўғрисидаги таклифига муносабат билдирар экан, Татаристон пойтахтида чоп этиладиган "Звезда Поволжья" газетаси Бош муҳаррири Рашит Ахметов бундай дейди:

"Президентнинг таклифлари амалда Советча тизимни қайта тиклайди. Ўшанда партия обкомлари котиблари расман сайланар, аслида эса, тайинланар эди. Шу йўсинда марказдан бошқариладиган номенклатура шакллантирилади".
XS
SM
MD
LG