Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:28

Қашқадарёда радиоузеллар фаолияти тугатилди


Фирдавс Маълумотларга кўра, Қашқадарёда бир вақтлар аҳолининг ягона ахборот манбаи бўлиб хизмат қилган радиоузеллар тармоғи тугатилган.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида каттагина аудиторияга эга бўлган радиоузеллар фаолиятига Ўзбекистоннинг аксарият вилоятларида чек қўйилганига анча вақт бўлди. Аммо 100 мингга яқин радионуқтага эга бўлган Қашқадарёда узел фаолияти шу йилнинг май ойига келибгина тўхтатилди. Мутахассисларнинг эътирофича, бунинг асосий сабаби замонавий ва арзон эфир вариантига ўтилганидир. Аммо бу ўринда иқтисодий омил ҳам муҳим ўрин тутган.

“Қашқадарё телеком” шўъба корхонаси бош муҳандиси Холмирза Қурбонов сўзларига қараганда, радиоузеллар фаолиятини таъминловчи илгари Россиядан келтирилган ускуналар жуда эскириб кетган. Ахборот етказишнинг бу усули бугунги кунда ўз қимматини йўқотгани, иқтисодий жиҳатдан самарасизлиги сабабли радиоузеллар фаолияти тўхтатилган.

Мазкур мавзуни ўрганган журналист Алла Рябинанинг таъкидлашича, радиоузеллар фаолияти тўхтатилгандан сўнг вилоят аҳлининг кўпчилиги ўзларининг севимли ахборот манбаидан маҳрум бўлган. Кам таъминланган кишилар, нафақахўрларнинг эса радиоприёмник сотиб олишга қурби етмайди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда Қашқадарё ҳудудида Ўзбекистон радиосининг “Ўзбекистон-1”, “Ёшлар” ва “Машъал” радиоканаллари эфирга узатилади. Улар вилоят ҳудудининг 90-95 фоизини қамраб олади.

Айни пайтда Қашқадарёда радиоузел нуқталари симларини йиғиб олиш ва ускуналарни топшириш ишлари давом этяпти. Бу эса аҳоли учун қулай ва фойдали, ҳукумат учун иқтисодий жиҳатдан қимматга тушадиган радиоузелларнинг бутунлай истеъмолдан чиққанини билдиради.
XS
SM
MD
LG