Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:17

“Бирлик” фаоллашишга ҳаракат қиляпти


“Бирлик” халқ ҳаракати партияси ўзининг жойлардаги бўлимлари фаолиятини кучайтириш мақсадида вилоятларда махсус йиғилишлар ўтказмоқда. 12 сентябрь куни шундай йиғилиш Наманганда ҳам бўлиб ўтди.

Партия раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг сўзларига қараганда, сал илгарироқ бундай йиғилиш Андижон ва Фарғонада ҳам ўтказилган. Бу тадбирни ўтказишдан мақсад партия низоми ва дастурида белгиланган ғояларни одамларга етказиш орқали уларни “Бирлик” сафларига жалб этишдан иборат. Партия Фарғона водийсидан 10 минг аъзо тўплашни режалаштирган. Айни пайтда партия аъзолари сони Андижон вилоятида 3 мингдан ортиқ, Фарғонада 2100 та, Наманган вилоятида эса 1000 га яқиндир. Йиғилишда Намангандан яна минг кишини партия сафларига жалб этишга қарор қилинган. “Бирлик”нинг жами аъзолари сони 20 мингтага етгач, октябрь ойида партияни рўйхатга олиш учун Адлия вазирлигига ҳужжатлар топширилади.

Ҳ.Сулаймоновнинг таъкидлашича, партия водийда ўз фаолиятини жонлантиришни режалаштиргани ҳақида уч вилоят ҳокимликлари ва ҳуқуқ-тартибот органларига билдириш хати жўнатган. Шунга қарамай, маҳаллий раҳбарият партияга хайрихоҳ бўлган кишиларга нисбатан турли йўллар билан тазйиқ ўтказмоқда.

Партиянинг Наманган вилояти Уйчи тумани бўлими раиси Олим Юнусовнинг билдиришича, Адлия вазирлиги вакиллари партияга хайрихоҳлигини билдириб чекилган имзоларини текшириш баҳонасида кишиларни овора қилмоқда.

Партиянинг Наманган вилояти бўлими раиси Муҳаммадали Қорабоевнинг айтишича, ҳозир бутун Ўзбекистон халқи мухолифатга айланиб бормоқда.

“Бирлик” фаолларидан бири Ғофуржон Тошпўлатовнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати мухолифатдаги партиялар фаолиятига йўл бериш орқали жуда кўп мавжуд муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Айни пайтда бу партияларга қарши олиб борилаётган сиёсат эса мамлакат келажаги учун ўта хатарлидир.
XS
SM
MD
LG