Линклар

Суд “Интерньюс” тақдирини ҳал қилди


Шайбон 13 сентябрь куни Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди пойтахт адлия бошқармасининг “Интерньюс-Тошкент” ташкилоти устидан ёзган шикоят аризаси юзасидан ҳал қилув қарори чиқарди.

Суд “Интерньюс-Тошкент” фаолиятини 6 ой давомида, яъни келгуси йилнинг март ойигача тўхтатиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ташкилот бош директори Холида Анорбоеванинг сўзларига қараганда, суд, шубҳасиз, адлия бошқармасига ён босган.

Кузатувчилар “Интерньюс-Тошкент” фаолияти тўхтатиб қўйилишига мазкур ташкилот томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва журналистларга нисбатан қонун бузилишлари юзасидан мониторинг ўтказилаётгани ҳам сабаб бўлган, деган тахминни илгари сурмоқда. Х.Анорбоева мана шу тахминда жон борлигини таъкидлади.

“Бу жуда муҳим лойиҳа эди. Ҳақиқатан ҳам, мониторинг журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишлари ҳақида жамоатчиликни огоҳ этарди. Унда мазкур қонун бузилишларига юристнинг изоҳи ҳам бериларди. Бу эса журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлиги озми-кўпми ошишига ёрдам берарди. Бу ҳокимият вакилларининг асабига теккан бўлиши мумкин”, деди ваколатхона раҳбари.

Тошкент шаҳри адлия бошқармаси “Интерньюс”ни ўз фаолиятида бир қанча камчиликларга йўл қўяётганликда айблаб, судга мурожаат этганди. Бошқарма вакили Ҳасан Саидовнинг айтишича, ташкилот низомида “Интерньюс-Тошкент” пойтахт доирасида фаолият юритиши белгиланган бўлса-да, у бутун мамлакат миқёсида иш олиб борган. Ташкилотни директор бошқариши кўрсатилган ҳолда унга бош директор раҳбарлик қилган. Ташкилот рамзи Адлия вазирлигида тасдиқдан ўтказилмаган ва ҳоказолар.

Судда “Интерньюс” адвокати адлия бошқармаси даъволарини рад этувчи ҳужжатларни тақдим этган бўлса-да, судья бу далилларни инобатга олмади.
XS
SM
MD
LG