Линклар

Тошкент суди Президент сўзларини писанд қилмайдими?


Шайбон Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари судининг “Интерньюс-Тошкент” ташкилоти фаолиятини 6 ой муддатга тўхтатиб қўйиш ҳақида қарор чиқаргани “Интерньюс” билан ҳамкорликда махсус лойиҳа бўйича ишлаётган ташкилотларнинг норозилигига сабаб бўлди.

“Интерньюс-Тошкент” томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва журналистларга нисбатан қонун бузилишлари бўйича мониторинг ўтказишдан иборат бу лойиҳа Қозоғистоннинг “Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти, Қирғизистоннинг “Журналистлар” жамоат бирлашмаси ҳамда Тожикистоннинг “НАНСМИТ” ахборот агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

“Журналистлар” жамоат бирлашмаси раиси Қубанбек Мамбеталиев Тошкент шаҳри суди қароридан афсусда эканини билдирди.

“Шаҳар судининг “Интерньюс” хусусида чиқарган қарори давлат мулозимларининг авторитар сиёсатга интилишидан дарак беради. Акс ҳолда бундай чораларни қўллашдан мақсад нима эди? Фуқаролик сектори ҳукуматга доим ёрдам бериб келган. Қолаверса, бу ташкилот массмедиа, сўз эркинлиги бўйича иш олиб бораётган бўлса”, деди Қ.Мамбеталиев.

“Одил сўз” ташкилоти раисаси Тамара Калеева суднинг бу қароридан саросимага тушганини билдирди. Унинг айтишича, арзимаган камчиликлар учун бундай кескин чора кўрилиши кутилмаган ҳол бўлган. Қолаверса, “Интерньюс” маҳаллий журналистлар учун жуда кўп хайрли ишларни амалга ошираётган эди. Шундай зарурий ва долзарб ишларни бажараётган ташкилот фаолиятига тўсқинлик қилиш эса зўравонликдан ўзга нарса эмас.

“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов доимо эркин сўз тарафдори эканини айтиб келади. Тошкент шаҳри судининг қарори унинг сўзларини ҳам инкор этди. Агар жазонинг нечоғлик адолатлилиги ҳақида тўхталадиган бўлсак, афтидан суд Президент сўзларини тан олмаётган кўринади”, деди Т.Калеева.

Қ.Мамбеталиевнинг таъкидлашича, ҳамкор ташкилотлар “Интерньюс-Тошкент”ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Суд қарори юзасидан норозилик мактублари йўллайди. Бу муаммога нуфузли халқаро ташкилотлар эътиборини жалб этади. Агар айни пайтда бирдам бўлинмаса, бу каби ҳаракатлар Тожикистонда ҳам такрорланиши, кейинчалик диктатурани ўрнатишга уринишлар бутун Марказий Осиёга тарқалиши мумкин.
XS
SM
MD
LG