Линклар

Ўзбекистонга БМТнинг эътирози чикора


Шайбон БМТ Ўзбекистонда суд томонидан олий жазога ҳукм этилган тўққиз маҳбус қатл этилгани муносабати билан мамлакат ҳукуматига ўз эътирозини билдирди. Халқаро ташкилот илгарироқ Ўзбекистон ҳукуматидан уларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этмай туришни сўраган эди.

Мазкур ҳафта бошида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси махсус вакили Тео ван Бовен тўққиз маҳбуснинг қатл этилиши юзасидан ўз эътирозини билдирган эди. Ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги тарқатган баёнотда айтилишича, расмий Тошкент БМТнинг жазони ижро этмай туриш ҳақидаги таклифини инобатга олмаган.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилоти раҳбари Тамара Чикунованинг сўзларига қараганда, қатл этилган тўққиз маҳбусдан биттаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш), қолганлари 97-модда (қасддан одам ўлдириш) бўйича айбланган. Аммо олий жазога ҳукм қилинганлар орасида руҳий носоғлом ва айби тўла-тўкис исботланмаган шахслар бўлгани учун БМТни жазо ижросини тўхтатиб туришни сўраган. Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларни ратификация қилгани, бу ҳужжатларда яшаш ҳуқуқи ҳақидаги моддалар бўлгани сабабли Ўзбекистон бу таклифни инобатга олиши шарт эди.

“Демократик ташаббус” маркази директори Искандар Худойберганов Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларга қарамай, ҳукмни ижро этгани бир қанча саволлар туғдиришини таъкидлади.

“БМТ 9 маҳбусни қатл этмай туришни сўраган бўлса, Ўзбекистон уларни яна бирмунча вақт сақлаб тура олмасмиди? Агар бу маҳбуслар жамоатчиликка хавф туғдирса, Ўзбекистон уларни изоляция қила олмасмиди? Изоляцияда бўлган шахслар жамоатчиликка нечоғлик хавф туғдира олиши мумкин эдики, улар зудликда қатл этилди? Бу саволлар, албатта, жавобни талаб этади”, деди И.Худойберганов.

Суҳбатдошларнинг айтишича, Ўзбекистонда жиноятчи дея топилган шахсни жазолаш, жазолаганда ҳам қаттиқ жазолаш принципи мавжуд.

Дарҳақиқат, бу принципни бир вақтлар “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижалари ҳам тасдиқлайди. Мазкур сўров натижалари ҳақидаги маълумотномада билдирилишича, ўзбек жамиятида ўлим жазосига нисбатан муайян муносабат шаклланган. Сўровда қатнашганларнинг 78,2 фоизи энг оғир жиноятлар содир этганлик учун ўлим жазоси қўлланилиши мумкин ва лозим, деб ҳисоблайди. Уларнинг 21,8 фоизи эса ўлим жазосини ёқламайди. Ўзбекистон фуқаролари ўлим жазоси агар жиноятчи содир этган ҳаракат шундай ҳукмга лойиқ бўлса, адолатли жазодир, деган фикрни билдирган.

И.Худойбергановнинг таъкидлашича, жамиятга бундай фикр шаклланганининг ўзига хос сабаблари бор. Кўпчилик ўлим жазоси ваҳима уйғотади ва бунинг оқибатида жиноятчиликнинг кескин камаяди, деган фикрдадир. Бироқ илмий тадқиқотлар бу йўл билан жиноятчилик камаймаслигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиладиган бўлса, ўлим жазосини мутлақо оқлаб бўлмайди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги ўз баёнотида маҳбусларнинг қатл этилганидан таассуф билдирар экан, Ўзбекистон ҳукуматини ўлим жазосига мораторий жорий этишга чақирган.
XS
SM
MD
LG