Линклар

Британия Бош вазири Тони Блэр иқлим ўзгаришининг фожиавий оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

  • Ҳасанжон

Сўнгги йилларда дунёнинг барча қитъасида иқлим ўзгариши кузатилмоқда. Айниқса, бу жараён бошқа минтақаларга қараганда, Европада тез бораётгани айтилмоқда. Ўтган ва бу йили ёз фасли Европада одатдагидан анча иссиқ бўлгани оқибатида минглаб одам нобуд бўлди, иқтисодиётга бир неча ўн миллиард долларлик зарар етди. Катта майдондаги ўрмонлар ёниб, кул бўлди. Айни пайтда, иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

14 сентябр куни Лондондаги “Уэлс бизнес ва артоф-муҳит” хайрия ташкилотида чиқиш қилган Британия Бош вазири Тони Блэр иқлим ўзгаришининг Европага таъсири фожиавий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди:

”Ҳозир ҳаракат қиладиган вақт келганига шубҳам йўқ. Айнан ҳозир қилинадиган ҳаракатгина фожианинг олдини олиши мумкин. Биз ҳаёт тарзимизни ўзгартирмаган ҳолда шароитга мослашиб, узоқни кўзлаб, ҳозирдан зарурий чоралар кўришимиз мумкин” - дейди Британия Бош вазири.

Блэр шунингдек: “Иқлим ўзгариши, мангу муз тоғларнинг эрий бошлагани, денгиз сув сатҳининг кўтарила бошлаганини кўра туриб, халқаро ҳамжамият унга бефарқ қараб тура олмайди” – дея таъкидлади.

Маълумки, Британия келаси йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқи президентлиги вазифасини бажаради. Тони Блэр ўз мамлакати ана шу имкониятдан фойдаланиб, 2005 йил январ ойида Британияда ўтадиган саккизлик гуруҳи саммитида глобал иқлим ўзгариши борасида сиёсий ва илмий келишувга эришилишига ҳаракат қилишини билдирди.

Сўнгги пайтларда Европада катта-ю кичик табиий офатлар юз бермоқда. Хусусан, яқинда Британияда рўй берган кучли ёғингарчилик оқибатида бир қишлоқ вайрон бўлди, сув тошқини ўнлаб автомобилни денгизга оқизиб кетди. Кучли шамол Франциядаги юзлаб уйни вайрон қилди ва мамлакатга катта моддий зарар етказди. Олимлар фикрича, бу ҳодисаларнинг бари глобал иқлим ўзгаришининг бошланиши холос.

Бош қароргоҳи Копенгаген шаҳрида жойлашган Европа Атроф-муҳит агентлиги раҳбари Жаклин Мак Глэд Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда иқлим ўзгариши туфайли Европада юз бераётган табиий офатлар Европа иқтисодиётига катта зарар етказаётганини айтади. Мак Глэдга кўра, Европа давлатларида аҳоли зич ва асосан шаҳарларда яшаши боис, табиий офатлар Европа иқтисодиётига катта зарар келтириши мумкин:

”Сиёсатчи ва мутахассисларимиз лойиҳалар ишлаб чиқишда иқлим ўзгариши, яъни, об-ҳаво шароитини назарга олишлари керак. Иқлим ўзгариши бундан буён фақат атроф-муҳит масаласи эмас. Қишлоқ хўжалиги соҳаси, транспорт, энергетика, қолаверса, иқтисодиётнинг барча соҳалари иқлим ўзгараётгани билан боғлиқ жараёнларни ҳисобга олиши керак. Ўтган йили Дунай дарёси тошиши оқибатида 20 миллиард доларлик моддий зарар кўрилди. Европага шу каби табиий офатлар қимматга тушяпти” - дея хавотир билдирди Европа Атроф-мухит агентлиги раҳбари.

Табиий офатлар нафақат Европа балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, “Иван Грозний” номли тропик довул бир ҳафтадан бери Кариб денгизи хавзасида жойлашган Гренада, Ямайка, Кейман ва Куба оролларидаги юз минглаб бинони вайрон қилди. Соатига 225 километр тезликда ҳаракатланаётган довул ҳозиргача 68 одам ҳаётига зомин бўлди.

Айни пайтда, глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Сўнгги 2- 3 йил ичида қишда қор кам ёғяпти, баҳорда ёғингарчилик меъёрдан кўп бўляпти.
XS
SM
MD
LG