Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:01

Ўзбекистонда япон маданияти кунлари


Ҳакимбек 14 сентябрда Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари бошланди. Тўққизинчи бор ўтказилаётган ушбу анъанавий маданий тадбир қарийб бир ой давом этади.

Япония маданияти кунларининг расмий очилиш маросими 14 сентябрь куни 18.30 да Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуида бўлиб ўтди. Маданият кунлари японларнинг Сёринзе кемпо жанг санъати усуллари намойиши билан бошланди.

Мазкур жанговар санъат ўтган асрнинг ўрталарида япон яккакураши устаси Со Досин томонидан ишлаб чиқилган. Унда қадимги ҳинд, хитой ва япон яккакурашлари уйғунлаштирилган. Мутахассисларнинг айтишича, Шарқ яккакурашларининг энг яхши усулларини ўзида жамлаган Сёринзе кемпо мактаби жанг техникаси нафақат ўта оммабоп, балки ниҳоятда самарали ҳамдир.

Япония маданияти кунлари доирасида ушбу жанг санъатининг Самарқандда ҳам намойиш этилиши режалаштирилган.

Сёринзе кемпо намойиши Япония маданияти кунларида ўтказиладиган тадбирларнинг бири, холос. Ўзбекистон Маданият ишлари вазирлиги халқаро бўлими бошлиғи Ширин Каримованинг сўзларига қараганда, маданият кунлари доирасида мазкур мамлакат киноси фестивали, икебана (гуллар оранжеровкаси) ва оригами (қоғоздан шакллар ясаш) намойишлари, япон миллий чолғу оркестрининг “Сўғдиёна” ўзбек миллий чолғу оркестри билан қўшма концертлари уюштирилади.

Ш.Каримованинг эътирофича, Япония қадимий ва бой маданиятга эга мамлакат. У асрлар давомида маданияти ва урф-одатларини авайлаб сақлаб келаётгани билан ҳам ўзига хосдир. Айни пайтда Ўзбекистонда Япония маданият кунлари ўтказилиши япон ва ўзбек халқларининг бир-бирини тушунишига ёрдам беради, уларни ўзаро яқинлаштиради.

Япония маданияти кунлари Тошкент, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида ўтказилади. Ушбу маданият кунлари доирасидаги барча тадбирларга кириш бепул.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон телевидениесида япон фильмлари тез-тез намойиш этилмоқда. Яъни бу япон фильмлари Ўзбекистонда ўз мухлисларига эга бўлиб улгурганидан далолат беради.

Маданият кунлари доирасида Тошкентдаги Киночилар уйида япон режиссёрларининг ўндан ортиқ фильми намойиш этилади.

Ш.Каримованинг маълум қилишича, Япония маданият кунлари Ўзбекистонда 1997 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинади. Японияда ҳам Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказиб турилади. Лекин у анъанавий эмас.
XS
SM
MD
LG