Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:03

Чегара қанғлиликларга муаммо туғдирмоқда


Меҳрабон Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегарада сим тўсиқлар ўрнатилгандан сўнг Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги Қанғли овули аҳли бошига жуда кўп мушкулликлар тушмоқда.

Қанғли овули фуқаролар йиғинидан олинган маълумотларга қараганда, икки давлат чегарасида сим тўсиқ тортилгандан кейин қанғлилик тўрт оиланинг турар-жойи Туркманистон ҳудудида қолиб кетган. Ҳозир айнан шу оилаларнинг фарзандларига қийин бўляпти. Чунки мактаб ёшидаги болалар чегарадан яширинча ўтиб, ўқишга қатнамоқда. Ота-оналар болаларини ҳали туркман чегарачилари уйқуда пайтда тонг саҳарда чегарадан ўтказиб қўяди.

Ҳайитбой Олламуродовнинг уйи ҳам Туркманистон ҳудудига ўтиб қолган. Унинг айтишича, қўшни давлатга ўтиб қолган оилалар ўта ночор аҳволда кун кечирмоқда. Чунки асосий иш жойи Қорақалпоғистонда бўлган оила бошлиқлари чегарадан ўтиб, ишга қатнай олмаётир. Уларга Амударё тумани ҳудудида фермерлик қилиш учун ер ҳам берилмаяпти.

Маълум бўлишича, уй-жойи Туркманистон ҳудудига ўтиб қолган қорақалпоғистонликларга уй тиклаш учун Амударё туманидан ер ажратиб берилган. Бироқ уларнинг янги уй қуришга имконияти йўқ.

Чегаралар демаркация қилингани сабабли Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти Губадоғ туманидаги “Жайҳун” жамоа хўжалигининг 300 дан ортиқ фуқароси Қорақалпоғистон ҳудудига ўтиб қолган.

Қанғли овул фуқаролар йиғини котиби Аминбой Бердиевнинг таъкидлашича, улар орасида Ўзбекистон фуқаролигини олишни истаётганлар ҳам бор. Уларнинг рўйхати юқори органларга берилган. Бироқ уларга фуқаролик олиш учун ҳеч қандай имтиёз йўқ.

Овул аҳолисини оламдан ўтган яқинлари қабрини зиёрат қилишдаги муаммо ҳам қийнамоқда. Чунки овул қабристони чегара ҳудудида жойлашган.

Туркманистон ва Ўзбекистон давлат чегараларига сим тўсиқлар тортиш ишлари давом этмоқда. Айни пайтда туркман мутахассислари Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги Ғазовот қишлоғи ҳудудида чегара тўсиқларини ўрнатяпти.
XS
SM
MD
LG