Линклар

Қашқадарёда катта суд жараёни бошланди


Фирдавс Қашқадарёда жорий йилнинг баҳорида Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида содир этилган портлашларга алоқадорликда ва “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланаётган 29 фуқаро устидан суд жараёни бошланди.

Бу мазкур айблар бўйича Қашқадарёда ўтказилаётган иккинчи суд жараёнидир. Жорий йилнинг июль ойи охирида ҳам 16 киши устидан суд бўлиб ўтган ва айбланувчилар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилганди.

6-7 сентябрь кунлари эса биратўла 29 киши устидан суд жараёни бошланди. Улардан 16 таси вилоятнинг Шаҳрисабз ва Китоб туманларидан, 4 киши Ғузордан, 9 фуқаро эса Қарши шаҳридаги Пистакент маҳалласидандир.

Маълумотларга кўра, айланувчилар уч гуруҳга бўлиниб суд қилинаётган бўлса-да, уларнинг барчасига бир хил моддалар бўйича айбловлар эълон қилинган.

Судланувчилардан бирининг яқини Наргиза Йўлдошеванинг таъкидлашича, дастлаб айбланувчиларга ваҳҳобийлик тамғаси осилган. Энди эса баҳордаги портлашларга ва “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорлик айби қўйиляпти. Улар айбини бўйнига олмагани сабабли қийноққа солинган, тергов протоколига мажбурлаб имзо қўйдирилган. Айбланувчилар протоколни ўқиб ҳам кўрмаган.

Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раиси Ёдгор Турлибековнинг сўзларига қараганда, тергов вақтида ҳибсдагиларга турли тазйиқлар ўтказилган, жисмоний қийноқ қўлланилган.

Норасмий манбалардан маълум бўлишича, Қашқадарёда Тошкент ва Бухородаги воқеаларга ва “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда гумон қилиниб 200 га яқин киши ҳибсга олинган. Яқин кунларда яна 16 киши устидан суд жараёни бошланиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG