Линклар

Ўзбеклар Ўзбекистондан кўчиб кетмоқда

  • Барно Анвар

Маълумотларга кўра, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон самарали иқтисодий сиёсат маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг миграция сиёсати концепцияси лойиҳасини ишлаб чиққан.

Мазкур концепция мамлакатдаги миграция жараёнлари бошқаруви, бу жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши, давлатлараро муносабатларнинг мувофиқлаштирилиши, миллий хавфсизлик масалаларини ўз ичига олади.

Куни ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонасида мазкур концепция лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Хабарларга қараганда, концепция миграция жараёнлари бошқаруви стратегиясини белгилаб беради. Концепция лойиҳаси иқтисодий ўтиш даври шароити, мамлакатнинг молиявий имкониятлари ва ижтимоий-иқтисодий вазият ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Концепция асосида кейинчалик миграция тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Мазкур концепция ва унинг асосида ишлаб чиқилиши кутилаётган қонун лойиҳаси хусусида расмий идоралардан маълумот олишнинг иложи бўлмади. Расмий идоралар фақат концепция лойиҳаси йил якунигача муҳокама этилишини тасдиқлади, холос.

Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, сўнгги 15 йил давомида Ўзбекистонда миграция салбий сальдога эга бўлиб қолмоқда. Кўчиб кетаётган ҳар 100 кишига 7 нафар кўчиб келувчи тўғри келади. Мамлакатдаги ички ва ташқи миграция аҳолининг демографик ўсиши пасайишига олиб келяпти. Миграцияда этник ўзбекларнинг улуши ҳам ортиб боряпти. Эътироф этиш керак, бу ерда гап бутунлай кўчиб кетаётган ёки кўчиб келаётган аҳоли ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институти мутахассиси, иқтисод фанлари номзоди Равза Муртазинанинг таъкидлашича, ташқи миграция бўйича келтирилаётган расмий рақамлар ташвиш уйғотадиган даражада эмас. Ташқи миграциядаги салбий сальдо бир йилда 99,5 минг кишидан иборат. Агар Ўзбекистонда 25,8 миллион киши истиқомат қилиши назарда тутилса, кўчиб кетувчилар жами аҳолининг 0,33 фоизини ташкил этади. Уларнинг аксарияти рус, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб. Кўчиб кетувчиларнинг 7-8 фоизи этник ўзбеклардир. Миграция ҳаракатлари кўпроқ вақтинчалик иқтисодий муаммолар билан боғлиқ.

Р.Муртазинанинг билдиришича, бундай вазият собиқ иттифоқнинг барча республикаларига хос. Миграция жараёнлари, асосан, МДҲ доирасида кечмоқда. Сўнгги 2-3 йил давомида Марказий Осиёдан Россия Федерациясига кўчиб борган мигрантларнинг умумий сони 3 миллион 322 минг кишини ташкил этади. Уларнинг 59 фоизи қозоғистонликлар, салкам 20 фоизи ўзбекистонликлардир.
XS
SM
MD
LG