Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:10

Тепада худо, Жиззахда Яманқулов ёки Яманқуловдан ёмони йўқ...ми?


Маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида ҳокимликлар фермерлардан ерни мажбурий равишда тортиб олиш ҳаракатини бошлаб юборган. Бу чора-тадбирлар анча кенг кўламда экани айтилмоқда.

Вилоятнинг Пахтакор туманида яшовчи Хуршида Тоғаева “Навбаҳор” хўжалигида 30 йилдан буён ишлайди. У 1999 йилда “Илҳом Б” фермер хўжалигини ташкил этган. Ўзининг айтишича, ҳар йили режани бажариб келган. Шунга қарамай, сўнгги вақтларда туман ҳокимлиги уни ёмон ишлаётганликда айблаб, ерни топширишни талаб қилиб келган.

Х.Тоғаеванинг сўзларига қараганда, 9 август куни у туман марказига йиғилишга чақиртирилган. Йиғилишдан сўнг эса унда қатнашган баъзи фермерлар мажбурий равишда ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Тонгги соат учга қадар улар бўлимда ушлаб турилган ва бир неча фермердан ерни топшириш ҳақида зўрлик билан ариза ёздириб олинган.

Х.Тоғаеванинг таъкидлашича, у ўтган йили топширилган ҳосилнинг пулини ёки унинг ўрнига бирорта техника беришни сўраб, Президент девонига шикоят ёзган. Шикоят девондан вилоят ҳокими Яманқуловга келиб тушган. Ҳокимдан эса 2002 йилдан бошлаб топширилган ҳосилнинг пулини тўлаш ҳақида ваъда берилган жавоб келган. Лекин мутасаддилар фермернинг ҳақини тўлаш ўрнига ерини тортиб олиш ҳаракатини бошлаб юборган.

Жиззах туманидаги “Суннат ҳожи” фермер хўжалиги раиси Суннат Бўриевнинг билдиришича, у икки йилдан буён фермерлик билан шуғулланади. Пахта ва ғалла топшириш режасини ҳар йили биринчилардан бўлиб бажаради. 18 август куни уни икки милиционер вилоят ҳокимлигига олиб кетган. Ҳокимликда 32 фермер йиғилган эди. Йиғилишда милиция ва прокуратура ходимлари ҳам бўлган. Вилоят ҳокими “Серқуёш Жиззах” фермер хўжалиги раҳбарини ерни топширасан, дея ҳамманинг кўз ўнгида роса калтаклаган, қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган. Бу ҳолатни кўрган барча фермерлар мажбурий равишда ерни топшириш ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлган.

Фермерларнинг ўзлари ҳам ерлари нега тортиб олинаётганига ҳайрон. Чунки бунинг учун жиддий сабаб ҳам йўқ. Қолаверса, далаларда ҳосил энди пишиб етилган, пахтани йиғиштириб олиш палласида ер тортиб олинаётганига улар тушуна олмаётир.

Арнасой туманидаги “Мустақиллик” фермер хўжалиги раиси Жума Ҳазратовнинг айтишича, вилоятда фермерлар мустақил фаолият кўрсата олмайди. Уларнинг фаолияти ҳокимликлар назоратидадир. Гарчи фермерлар барча харажатларни ўз чўнтагидан тўласа ҳам олди-берди операциялари ҳоким рухсати билан амалга оширилади. Ҳоким уларнинг ҳисоб-рақамларидаги маблағни ўзи маъқул кўрган йўсинда тақсимлайди.

Фермерларнинг маълум қилишича, ерни тортиб олиш ҳолатлари вилоятнинг кўпгина туманларида кузатиляпти.

Ҳосил пишиб етилганда фермердан ерни тортиб олишга қонуний асос борми, деган савол билан “Озодлик” мухбири Республика фермерлар уюшмаси раиси ўринбосари Ўрол Нориновга мурожаат этди. У бу ҳақда гапиришни истамади. Шунингдек, Жиззахда содир бўлаётган воқеалардан ҳам бехабарлигини айтди.

Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Сайфуддин Исмоилов эса бу лавозимда 13 августдан буён фаолият кўрсатаётгани, аввал Дўстлик тумани ҳокими бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, у айни пайтда ерни бериш ва қайтариб олиш бўйича вилоят комиссияси раисининг ўринбосари ҳамдир.

С.Исмоилов вилоятда 13 августдан буён ерни тортиб олиш билан боғлиқ бирорта ҳолат юз бермаганини таъкидлади. 18 август куни вилоят ҳокими, фермерлар айтганидек, 32 фермернинг ерини тортиб олганидан эса унинг гўёки бехабар қолганига фақат ажабланиш мумкин.
XS
SM
MD
LG