Линклар

Ўзбек лидер аёллари сустроқ


Феруза Куни-кеча Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўзбекистонлик лидер аёллар малакасини оширишга қаратилган семинар-трейнинг ўтказа бошлади. Унда мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлар, вазирлик ва сиёсий партиялар, илм-фан вакиллари бўлган йигирмадан ортиқ хотин-қиз иштирок этмоқда.

Наманган вилояти хотин-қизлар ташкилоти раисаси Дилфуза Ҳабибуллаеванинг сўзларига қараганда, тренингдан мақсад аёлларда лидерлик қобилиятини шакллантириш, жамоатчилик билан мулоқот қилиш учун зарур кўникмалар ҳосил қилишдан иборат.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ҳамкорлик” нодавлат нотижорат ташкилоти раисаси Альбина Беливецнинг таъкидлашича, мазкур тадбир ЕХҲТ томонидан Ўзбекистонда лидер аёллар фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилаётган тренингларнинг учинчи босқичидир. Унинг иштирокчилари оммавий ахборот воситалари билан муомала қилиш, аҳоли вакиллари билан алоқада бўлиш, низоларни бартараф этиш кўникмаларини ўрганмоқда.

Адвокат Гулнора Эшонхонованинг билдиришича, тренинг иштирокчилари ўзлари тайёрлаган мавзуларда чиқишлар қилган. Бу чиқишларда аёллар саломатлиги, ишсизлик, ҳатто хорижга танафурушлик мақсадида олиб чиқиб кетилаётган аёллар муаммолари ўз аксини топган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган тренинг иштирокчиларидан баъзилари бундай тренингларда ўзбекларнинг иштироки ҳали ҳам сустлиги, семинарлар фақат рус тилида ўтказилаётгани бироз муаммо туғдираётганини маълум қилди.

Семинар-тренинг ҳафта охирича давом этади.
XS
SM
MD
LG