Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:58

Остона саммитида терроризм муаммолари муҳокама қилинди


Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар- нинг Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига йиғилган президентлари пайшанба куни терроризм билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилди. Бу масаланинг МДҲ саммити кун тартибидаги асосий ўринни олишига Беслан фожиаси сабаб бўлди. Олий даражадаги учрашув иштирокчилари Россия билан ҳамжиҳатлик тўғрисидаги ҳужжатни – халқаро терроризмга қарши ҳамкорликда кураш олиб бориш тўғрисидаги баёнотни имзоладилар.

МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум бўлишича, саммит давомида МДҲ нинг Хавфсизлик кенгашини тузиш тўғрисида келишиб олинди. Бу масалага бироздан сўнг тўхталамиз.

Гапни бир чеккадан бошлай қолайлик.

Матбуот анжуманини МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши раиси, Украина Президенти Леонид Кучма очди.
Ҳозиргина МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг ёпиқ мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис диққат марказида яқинда Россияда бўлиб ўтган ва кўплаб кишиларнинг қон қақшаб қолишига олиб келган воқеалар бўлди,” - деди Украина президенти.

Умуман, саммитдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида президентлар, асосан, бир мавзу атрофида, терроризмга қарши кураш масалалари атрофида фикр юритди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, жумладан, бундай деди:"Бугунги кунда терроризмнинг янги кўринишларига қарши курашга мутлақо тайёр эмасмиз. Хусусан, сўз худкуш шаҳидлар ҳақида борар экан, шуни тан олишимиз керакки, дунё бўйлаб бу ҳодисага дуч келганларнинг биронтаси ҳам бу масаланинг ечимини топа олмаган. Шу кунда биз жуда содда ва фақат ҳарбий характерга эга бўлган ечимни топишимиз жуда қийин.

Халқаро терроризмга қарши курашнинг аёвсиз бўлиши кераклиги тўғрисида гапирар экан, Россия Президенти Владимир Путин Усама бин Ладин ва у етакчилигидаги ташкилотни ҳам тилга олди. Бундайлар билан музокара олиб бориш иложсиздир, деган фикрни билдирди. Лекин у Грузиянинг мамлакатдан бўлиниб олишга ҳаракат қилаётган ҳудуди – Абхазиядаги вазиятга тўхталар экан, терроризмга қарши тинч йўллардан фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

"Умуман зиддиятли вазиятларни, хусусан, постсовет ҳудудлардаги зиддиятларни музокаралар олиб бориш орқали, барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал қилиш мумкин, деган қатъий ишончдамиз. Иқтисодий, боз устига ҳарбий босим ўтказиш билан бир ечимга эришиб бўлмайди,” -
деди Владимир Путин.

Демак, Россия Президентига кўра, абхазиялик бўлгинчилар билан музокаралар ўтказиш лозим.

Ваҳоланки, Грузия президенти Михаил Саакашвилига кўра, абхазиялик сепаратчиларга бир пайтлар Россиянинг бугунги ашаддий душмани Басаев устозлик қилган.

"Террорчилар бизнинг умумий душманимиздир. Биз уларни таниймиз. 92-, 93- йилларда Басаев Абхазия сепаратчиларининг қаҳрамони бўлган эди. Унинг қўллари ўша ерда қурбон бўлган Грузия фуқаролари қонига беланган,” - деди Михаил Саакашвили.

Остона саммитида ўтказилган матбуот анжумани пайтида Қирғизистон президенти Асқар Ақаев ҳам иштирок этди ва тилга олинган масала юзасидан фикр билдирар экан, Россиянинг қайси мамлакатда бўлишидан қатъиназар террорчилар базаларига олдиндан зарба бериш режасини қувватлаяжагини билдирди. "Террорчилар Афғонистондан ёки яна аллақаердандир кириб келишини, ўз ҳудудимизда аскарларимиз, зобитларимиз, тинч аҳолимиздан талафотлар берилишини кутиб ўтирмаслигимиз керак, ахир!” - деди Ақаев.

Саммит мезбони Нурсултон Назарбоев терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш учун МДҲ нинг Хавфсизлик кенгаши тузишга келишиб олинганини маълум қилди. Қозоғистон раҳбарига кўра, МДҲ Хавфсизлик кенгаши таркибига ташқи ишлар вазирлари, мудофаа вазирлари, чегара хизматлари бошлиқлари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари киради.
XS
SM
MD
LG