Линклар

Божхонада янгича тўлов жорий этилди

  • Садриддин Ашур

Жорий йилнинг 15 сентябридан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик фойдаланиш учун олиб кириладиган импорт товарлари ва транспорт воситаларига беш фоизлик божхона тўлови жорий этилди. Шу вақтгача бундай тўлов умуман йўқ эди.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ходими Шуҳрат Раҳмедовнинг сўзларига қараганда, бундай буён мамлакатга вақтинчалик фойдаланиш учун келтирилган импорт товарлар ва транспорт воситаларидан ҳар ойда улар умумий қийматининг 5 фоизи миқдорида божхона тўлови ундирилади. Икки йил давомида божхона тўлови тўлаб борилгандан сўнг траспорт воситаси эркин сотилиши мумкин.

Ш.Раҳмедовнинг таъкидлашича, бу қарорнинг қабул қилинишига бир қанча сабаблар бор. Шундай сабаблардан бири сўнгги вақтларда шахсий эҳтиёжи учун вақтинчалик фойдаланиш мақсадида олиб кирилаётган товарлар кўпайиб кетганидир.

Давлат божхона қўмитасидан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик ваколатхоналар ва консуллик хизматлари фойдаланадиган товарлар тўловдан озод этилади. Шунингдек, хорижлик фуқаролар шахсий эҳтиёжи учун фойдаланадиган технологик қурилмалар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, халқаро юк ташишда ишлатиладиган транспорт воситалари ва контейнерлардан ҳам бир ой давомида тўлов ундирилмайди. Дипломатик ваколатхоналар ва хорижлик фуқаролар вақтинчалик фойдаланиши учун олиб кирган транспорт воситаларидан ҳам уч ой давомида божхона тўлови олинмайди. Бу муддат тугагач, улар бож тўлашга мажбур.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг айтишича, бу қарор давлат бюджетини тўлдириш мақсадида қабул қилинмаган. Ундан кўзланган мақсад импорт товарлар ва транспорт воситаларини фойдаланиш мақсадида вақтинчалик олиб киришни тартибга солишдир.
XS
SM
MD
LG