Линклар

“Пульсар”нинг сифати Чехия пивосидан қолишмайди

  • Садриддин Ашур

12-15 сентябрь кунлари Чехия Президенти Вацлав Клаус расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Шу муносабат билан “Озодлик” мухбири Чехиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алеш Фойтек билан суҳбатлашди.

Мухбир: Элчи жаноблари, Чехия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг қандай янги қирраларини очди?

Элчи: Бу ўринда “янги қирралар” атамасини ишлатиш ўринли эмас. Шу вақтгача мавжуд муносабатлар янада кенгайтирилгани ҳақида гапириш тўғрироқ бўлади. Ташриф давомида янги кашфиёт қилингани йўқ.

Мухбир: Икки давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида Чехия Республикаси Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим шерик сифатида кўриши таъкидланади? Айтингчи, бундаги муҳимлик нимадан иборат?

Элчи: Муҳимлик Ўзбекистоннинг минтақада тутган ўрнида. Зеро, минтақада 30 миллион ўзбек яшайди. Шунинг ярми Ўзбекистонда. Бу биринчидан. Иккинчидан эса иқтисодиёт масаласи. Учинчи муҳим жиҳат шундаки, Ўзбекистон Марказий Осиё марказида жойлашган ва Афғонистон билан чегарадош. Шунингдек, бошқа муҳим жиҳатларни ҳам санаб ўтиш мумкин.

Мухбир: Собиқ иттифоқ даврида ўша пайтдаги Чехословакиянинг пойабзали, чинниси Ўзбекистонда
жуда қадрланарди. Албатта, чех пивоси ҳам. Бугун Чехия Ўзбекистон бозорини қандай маҳсулотлари билан эгаллаши мумкин?

Элчи: Ҳозир жуда кўп нарса ўзгарди. Аввало, Чехиянинг ўзи ўзгарди. Айни пайтда бизда пойабзал ишлаб чиқариш камайган. Чинни эса бошқа масала. Шунингдек, транспорт харажатлари жуда қиммат. Самарқанддаги қўшма корхонада тайёрланадиган “Пульсар” пивоси сифати жиҳатдан Чехияда ишлаб чиқариладиганидан қолишмайди.

Мухбир: Чехия Президентининг Ўзбекистонга сафари қандай янги иқтисодий ҳамкорликка чорлайди?

Элчи: Ўзбекистонга чехиялик қарийб 40 нафар тадбиркор келди. Уларнинг барчаси ўз ҳисобидан ташриф буюрди. Бу тадбиркорларимизнинг Ўзбекистонда бизнес қилиш мумкинлигини тушунишини англатади. Ўзбекистон бозорини қандай баҳолаш, қандай тавакалликлар қилиш уларнинг ўзларига боғлиқ. Умид қиламанки, шунча номдор корхоналардан вакиллар келибдими, демак иқтисодий ҳамкорлик соҳасида анча силжиш бўлади.

Мухбир: Президент Ислом Каримов Чехия халқи Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни асл манбадан олса, мамлакатда чех журналистлари иш олиб борса яхши бўларди, деган фикрни айтди. Хўш, Ўзбекистонда чех оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолияти йўлга қўйиладими?

Элчи: Менимча, бу икки томонлама ҳал қилинадиган масала. Мен ҳам ўзбек журналистлари Прагада қачон иш бошлайди, деб сўраган бўлардим. Хабарлар элчихонадан олинса, у биринчи қўлдан бўлади. Элчихонамизда ишлаётган ходимлар кўп эмас, аммо етарли. Лекин Прагада Ўзбекистоннинг элчихонаси йўқ. Зеро, қисман ва расмий ахборотни элчихонадан олиш мумкин.

Мухбир: Сиз Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги сўз эркинлиги ҳақида қандай фикрдасиз?

Элчи: Агар ахборот тўлиқ бўлса, унда сўз эркинлиги бор дейиш мумкин. Лекин мен бу ерда (Ўзбекистонда) шундай деб айта олмайман. (Маҳаллий) журналистлар кўнгилсиз воқеалардан йироқроқ юришга ҳаракат қилади. Айнан шу кўнгилсиз ва эътиборли воқеаларни хорижий ОАВ тарқатади. Агар Ўзбекистон ОАВда ҳам кўпроқ ахборот ва унга шарҳлар бўлганида эди, ортиқча гап-сўзларга ҳожат қолмаган бўларди.

Мухбир: Ташаккур Сизга, элчи жаноблари.
XS
SM
MD
LG