Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:25

Туркманлар сим тўсиқни қаерга ўрнатишни ўзбеклардан сўраётгани йўқ


Ўзбекистон ва Туркманистон давлат чегараларида белгилар ўрнатиш давом этмоқда. Айни кунларда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги Ғазовот қишлоғидан ўтувчи чегарада туркман аскарлари сим тўсиқлар ўрнатаётир.

Чегара тўсиқлари ўрнатилиши ғазовотликларга бир қанча муаммоларни келтириб чиқарди. Маълум бўлишича, сим тўсиқлар тортилгандан сўнг ғазовотлик Шуҳрат Қурбоновнинг уйи жойи Туркманистон ҳудудида қолиб кетган. Натижада қишлоқнинг ижтимоий аҳволи энг оғир оилаларидан бири бўлган Қурбоновлар янада мушкул аҳволда қолган. Туркманлар улардан кўчиб кетишни талаб қилмоқда.

Ғазовотлик 28 ёшли Абдурашид Исмоилов бундан тўрт йил аввал “Маркс- инженер” фермер хўжалигини ташкил этганида бошига қандай ташвишлар тушиши тушига ҳам кирмаган эди. Хўжалик фаолиятини йўлга қўйгунча анча қийинчиликларни енгиб ўтган фермер ҳозир дардини кимга айтишни билмайди. Гап шундаки, фермер хўжалигининг ер майдонлари ҳам Туркманистон ҳудудида қолиб кетмоқда. А.Исмоилов 7 гектарга пахта, 2 гектар ерга маккажўхори, 1 гектарга тарвуз эккан.

Фермернинг айтишича, у туркман офицерлари билан келишган ҳолда чегарадан ўтиб, пахтани бир амаллаб териб олмоқда. Бироқ тарвуз ва маккажўхорини йиғиштириб олишдан умид йўқ. Чунки туркман аскарлари ҳосилга кўз олайтиряпти. Улар билан чап бўлиш эса яхшиликка олиб келмаслигини фермер яхши тушунади.

Кузатувларга қараганда, чегарадаги сим тўсиқларни қаерда ва қандай ўрнатишни фақат Туркманистон томони ҳал қиляпти.

Ғазовот қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Қурбондурди Жуманиёзов туман ҳокимлиги томонидан чегара муаммолари юзасидан ҳеч кимга маълумот бермаслик ҳақида кўрсатма бўлганини билдирди.

Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳуқуқ бўлими ходимининг айтишича, ҳозир чегара ҳудудидаги бино ва иншоотлар рўйхатга олиниб, мавжуд вазият ўрганиляпти.
XS
SM
MD
LG