Линклар

Озон қатламини емиришда ўзбекларнинг ҳам ҳиссаси бор


Ҳакимбек 16 сентябрь - Озон қатламини ҳимоя қилиш халқаро куни бир неча йиллардан буён нишонланиб келинади. Мазкур сана муносабати билан Ердаги барча жонзот ва ўсимлик дунёси ҳаёти учун муҳим бўлган озон қатлами ҳимоясига бағишлаб турли тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бош мутахассиси Ноила Рустамованинг сўзларига қараганда, озон Ер атмосферасидаги табиий газ бўлиб, у Қуёшдан тушаётган ультрабинафша нурларни тутиб қолади. Озоннинг тўқсон фоизи Ердан 10-50 километр баландлик оралиғида тўпланган. Озон қатламининг сийраклашуви натижасида ультрабинафша нурларнинг сайёрага ўтиши кўпаяди ва Ердаги ҳаётга катта салбий таъсир ўтказади.

Хлор, фтор ва углероднинг турли бирлашмалари озон қатламини емирувчи моддалар ҳисобланади. Йигирманчи асрнинг 20-30-йилларидан бошланган шиддатли техник тараққиёт натижасида емирувчи моддаларнинг ҳавога чиқиши кўпайгани озон қатламини сийраклаштирди ва охир-оқибат озон туйнуги пайдо бўлди.

Халқаро ҳамжамият кеч бўлса-да, мазкур хавфни камайтиришга киришди. 1985 йилда озон қатламини муҳофаза қилиш ҳақида Вена конвенцияси, 1987 йил 16 сентябрда эса Монреал протоколи қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларга 180 дан ортиқ мамлакат қўшилган. Бу ҳужжатларда озон қалтамини емирилишдан сақлаш, унга зарар етказадиган моддаларни ишлатишдан воз кечиш белгилаб берилган.

Монреал протоколи қабул қилинган кун – 16 сентябрь 2000 йилдан буён Озон қатламини ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлаб келинади. Бу тадбир БМТнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури доирасида “Осмонни сақланг: ўзингизни ҳимоя қилинг – озон қатламини ҳимоя қилинг” шиори остида ўтказилади.

Ўзбекистон Вена конвенцияси ва Монреал протоколини ратификация қилган бўлиб, озон қатламини емирувчи воситалардан фойдаланишни чеклаш мажбуриятини олган.

Н.Рустамованинг айтишича, азон қатламини емирувчи моддаларни қўллашдан босқичма-босқич воз кечиш ҳақида ҳукумат иккита қарор қабул қилган. Айни пайтда мазкур қарорлар ижросини таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда. Бироқ бу ишлар етарли эмас.

Мутахассисларнинг эътирофича, Ўзбекистонда шўролар даврида ишлаб чиқарилган халқ истеъмоли моллари, жумладан, совутгичлар, кондиционерлар кенг қўлланади. Озон емирилишида эса айнан шу жиҳозларда ишлатилган моддалар катта ўрин тутади. Шу боис, мамлакатда бу йўналишда қилинадиган ишлар кўлами жуда кенг.

Тошкентдаги Олий муҳандислик педагогика институти ходими Фарҳод Юсуповнинг таъкидлашича, озон қатлами ҳимоясини таъминлаш учун аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш муҳимдир. Ўзбекистонда эса аҳолининг табиатга нисбатан лоқайдлиги кучли. Масалан, кузда барг-хазонлар очиқ ҳавода ёқиб юборилаётганига ҳар қадамда гувоҳ бўлиш мумкин.
XS
SM
MD
LG