Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:09

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Бушнинг терроризмга қарши урушида одамлар камситилаётганини айтмоқда


Халқаро Амнистия ташкилоти яқинда терроризмга қарши кураш масалаларига оид янги ҳисобот чиқарди. Мазкур ҳисобот одамларни кўринишига қараб турли тоифаларга ажратиш терроризмга қарши курашда қанчалар самар бериши мумкин, деган саволга туртки бермоқда. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ полициячилари Яқин шарқлик ва жанубий осиёликларга эътиборни кучайтирди. Чунки уларнинг ташқи кўриниши одамлар онгида террорчилар ҳақида шаклланишга улгурган тасаввурларга мос келади. Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, одамларни ташқи кўринишига қараб ажратиш нафақат адолатсизлик, балки бесамар чорадир. Чунки, фақат ирқий масалага эътибор қаратилса, ҳақиқий террорчи сояда қолиши мумкин.

Халқаро Амнистия ташкилоти эълон қилган ҳисоботда тахминан 32 миллион америкалик ирқий ёки диний асосда адолатсиз равишда таъқиб қилинаётганидан шикоят қилгани айтилади. Ҳужжатда яна тахминан 87 миллион америкалик шундай одамлар тойифасига кириши мумкинлиги билдирилади.

Яқин Шарқ давлатлари фуқаролари бўлган бир гуруҳ одам уч йил олдин Нью Йорк ва Вашингтонда ҳужум уюштирганидан бери аэропортлардаги хавфсизлик хизмати ходимлари ва полициячилар келиб чиқиши осиёлик бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки улар айнан шу тойифадаги одамлар экстремист гуруҳлар аъзоси бўлиши мумкин, деган тасаввурда.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, одамларни шу тарзда бир-биридан ажратиш ирқчиликнинг ўзгача кўринишидир.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг яна билдиришича, одамларни ирқий асосда ажратиш хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Чунки хавфсизлик хизмати ходимлари фақатгина маълум тоифадаги шахсларни қидириш билан чекланиб, ҳақиқий террорчини кўрмай қолиши мумкин.

Америка Исломий Алоқалар Кенгаши номли ташкилот матбуот вакили Иброҳим Хупер Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда бу фикрга қўшилишини айтади. Унга кўра, мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мазкур ташкилот 11 сентябр воқеаларидан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилганига зарурат туғилганини тушунади. Бироқ, Хуперга фикрича, араблар, жанубий осиёликлар ва мусулмонларни текшириш меъёрдан ортиқ даражада, ўта синчковлик билан амалга оширилмоқда:

”Бир неча ҳолларда мусулмонлар шунчаки видеога суратга тушираётгани учун ҳибсга олинганлари ҳақидаги маълумотга эгамиз. Бир гуруҳ кишилар атом электр станцияси ёнида жойлашган балиқ овлаш жойига қандай боришни суриштирганида, улар чамаси фақат ташқи кўриниш сабабли тўхтатилганлар” - дейди Америкадаги исломий ташкилот вакили.

Хуперга кўра, одамларни ирқий ва этник асосда ажратиш нафақат хавфсизликни мустаҳкамламайди, балки акс натижа беради.

Вашингтондаги Мерос Жамғармаси номли тадқиқот марказининг хавфсизлик масалалари бўйича тадқиқотчиси Жон Хулсман бу фикрга қўшилмаслигини айтади. У Озодлик мухбири билан суҳбатда 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин келиб чиқиши Яқин Шарқ ва Осиё давлатларидан бўлган шахсларга хавфсизлик ходимларининг эътибор қаратмаслиги хато бўлишини айтади:

”Халқаро Амнистия ташкилоти билдирган фикр ҳурматга сазовор. Аммо 11 сентябрда самолётларни олиб қочган шахслар қандай ўхшашликка эга эди? Агар уларнинг юзида холи бўлганида, мен юзида ҳоли бор одамларни қидирган бўлардим. Агар уларнинг кўзлари яшил бўлганида, мен буни ҳисобга олган бўлардим ” - дейди америкалик мутахассис.

Халқаро Амнистия ташкилоти ҳисоботига кўра, Америкадаги 50 штатдан 27тасида одамларни ирқига қараб ажратиш, 47 штатда эса одамларни диний асосда ажратиш ҳозиргача тақиқланмаган.

АҚШ Конгрессида одамларни ирқий ёки диний асосда ажратишни тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Америка Исломий Алоқалар Кенгаши ҳам ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда.

Кузатувчилар фикрича, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда унга амал қилиниши ҳам, амал қилинмаслиги ҳам мумкин. Хуперга кўра, одамлар ирқий ёки диний асосда ажратилишига барҳам беришнинг оддий йўллари ҳам бор:

”Хавфсизлик хизмати ходимлари мусулмонлар, америкалик араблар ва келиб чиқиши турлича бўлган одамлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари керак. Унда мураккаб вазият юзага келганида бундай билим нафратни камайтиради ” - дейди америкалик таҳлилчи Жон Хупер.
XS
SM
MD
LG