Линклар

Вилнюсда ОИТС ва ИТВ бўйича йирик халқаро анжуман бўлиб ўтди

  • Ҳасанжон

Шу ҳафтада Литва пойтахти Вилнюс шаҳрида Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми - ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси - ИТВ бўйича йирик халқаро анжуман бўлиб ўтди. Уни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳозирда ОИТС ва ИТВ кенг тарқалаётган Шарқий Европа хусусан, Болқон давлатлари, Россия, Беларус ва Украинадаги вазиятга халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.

Европа Иттифоқининг шу йил шарққа томон кенгайгани ОИТС ва ИТВ муаммосига жиддийроқ эътибор беришга ундади.

Чунки Европа Комиссияси маълумотига кўра, Европа Иттифоқига янги аъзо бўлган айрим давлатларда ОИТС ва ИТВ касаллиги бўйича кўрсаткичлар дунёдаги энг юқори даражада эканини кўрсатган. Европа Иттифоқига қўшни бўлган Россияда ҳам худди шу аҳвол кузатилмоқда.

Европа Комиссиясининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича мутасаддиси Матти Ражала Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда айрим ҳолларда вазият чуқур ташвиш уйғотувчи эканини айтади:

”Биз баъзи мамлакатлардан олаётган маълумотлар жуда хавотирли. Литвада бундай бўлмаса-да, сўнгги йилларда Эстония ва Латвияда касалликка оид кўрсаткичлар ташвиш уйғотувчи даражада. Бир йиллик халқаро статистик маълумотларга кўра, касаллик тарқалиши жиҳатидан Эстонияда кўрсаткичлар энг юқори бўлган. Россия, Беларус ва Украинада ҳам аҳвол худди шундай. Мазкур давлатларнинг баъзи минтақаларида ИТВ вирусини юқтирганлар сони аҳолининг бир фоизини ташкил этмоқда. Бу эпидемиологик нуқтаи назардан жуда ташвишли жараён “ - дейди Европа Иттифоқи расмийси.

Вилнюс анжуманида қатнашган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори ўринбосари Жэк Чоу Озодлик радиосига ҳозирда Европа ва Марказий Осиё давлатларида ИТВ вирусини юқтирган 1 миллион 800 минг одам борлигини маълум қилди:

”ИТВ вирусини юқтирган одамларнинг аксарияти, яъни, 80 фоизи ёшлардир. Европа Иттифоқининг кенгайгани унинг ҳудудларида яшовчи одамлар бир жойдан бошқа жойга кўпроқ ҳаракатланишини ҳамда савдо алоқалари ривожланишини англатади. Ўз навбатида, бу эпидемия тарқалишига йўл қўймаслик учун ҳам касалликнинг олдини олиш ҳам уни даволаш чораларини кучайтиришни талаб этади“ - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори ўринбосари.

Жэк Чоуга кўра, Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотини айниқса, Марказий Осиё давлатларидаги вазият жиддий ташвишга солмоқда:

”Биз Марказий Осиёда ИТВ вирусини юқтирганлар сони кескин кўпаяётганидан жиддий хавотирдамиз. Бу минтақада касаллик, асосан, наркотик моддаларни шприц орқали қабул қиладиган гиёҳвандлар, яъни, маълум тоифадаги одамлар орасида тарқалмоқда. Ўз навбатида, бу аҳолининг бошқа қатламлари орасида ҳам эпидемия тарқалишига олиб келиши мумкин“ - дея хавотир билдирди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори ўринбосари Жэк Чоу.

Вилнюс анжумани феврал ойида Дублин шаҳрида ОИТС ва ИТВ бўйича уюштирилган анжумандан кейин ўтган иккинчи йирик халқаро тадбир бўлди. Мутахассислар мазкур анжуманни Европа Иттифоқида вазиятни яхшироқ назорат остига олиш йўлида олдинга ташланган қадам, дея баҳоламоқдалар.
XS
SM
MD
LG