Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:19

В.Портников: “Акаевнинг сўзларини жиддий қабул қилиш керак эмас”


Шайбон МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида ўртага ташланган таклифлар орасида МДҲ Хавфсизлик кенгашини тузиш масаласи ҳам бор. Бу таклиф Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан илгари сурилди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Азимбой Галининг сўзларига қараганда, МДҲ Хавфсизлик кенгаши тузилса, у формал тузилма бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Бу тузилмадан самарали ҳамкорлик кутиш ҳам қийин. Чунки МДҲ мамлакатлари ўртасида турли сиёсий ва ҳуқуқий манфаатлар бор. Қолаверса, МДҲ доирасида айни пайтда ҳам айтарли бирдамлик йўқ.

Тожикистонлик сиёсатшунос Рашид Ғани эса Қозоғистон Президенти таклифи юзасидан қуйидагича фикр билдирди:

“Хавфсизлик кенгашининг зарурияти унинг фаолияти айнан нимага қаратилишида билинади. Агар бу тузилма барча муаммоларни Америка сингари ҳал қилишга киришадиган бўлса, мен халқаро террорчилик аталмиш кўринишга қарши курашни назарда тутмоқдаман, ундан айтарли фойда бўлмайди. Бордию тузилма муаммолар илдизини аниқлашга, келиб чиқиш сабабларини ўрганишга интилса ва бундан қўлга киритиладиган натижалар ўлароқ муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўрадиган бўлса, унда Хавфсизлик кенгаши маълум бир аҳамият касб этиши мумкин. Акс ҳолда у ҳам МДҲнинг ўлик тузилмаларидан бири бўлади, холос”.

Россиялик кузатувчи Виталий Портниковнинг фикрича, МДҲ Хавфсизлик кенгашини тузиш ғоясининг ўзи тушунарсиз. Кенгаш мажбурияти нимадан иборат бўлади, унда кимлар овоз бериш ҳуқуқига эгаю, кимлар эга эмас каби саволларга жавоб йўқ. Агар кенгашда барча овоз бериш ҳуқуқига эга бўлса, у ҳолда тузилма ҳеч қандай мавқега эга бўлмайди. Қолаверса, МДҲнинг ҳеч қайси мамлакати ўз устидан бошқа давлатлар ҳукм чиқаришига рози бўлмайди.

Ўзбекистонлик кузатувчи, “Демократик ташаббус” маркази раҳбари Искандар Худойберганов таъкидлашича, Хавфсизлик кенгаши, халқаро террорчилик ва ҳоказолар ҳақида гапираётган МДҲ аъзолари, биринчи галда, демократик Ғарбга муқобил тузилма яратишга уринмоқда. Бу уриниш қанчалик яширилса ҳам ошкор бўлади. Аслида Россияда бошланган бундай сиёсатни Владимир Путин маҳорат билан МДҲга ёймоқда. Бу ўта хатарли бўлиб, МДҲ аъзолари демократияга қарши уюшаётганидан дарак беради.

Остонадаги учрашувда Қирғизистон раҳбари Асқар Акаев ўзининг террорчиларга қарши биринчи бўлиб, яъни превентив зарба бериш стратегияси тарафдори эканини билдирди.

Рашид Ғанининг таъкидлашича, превентив зарба бериш АҚШга ҳам деярли яхши натижа келтирмаган. Зеро, бундай зарбалар бир қанча янги муаммолар келтириб чиқаради. Қолаверса, Қирғизистон Президенти Россия томонидан террорчиларга қарши превентив зарбалар берилишини қўллаб-қувватлаяпти. А.Акаевнинг айтганлари эса хомхаёлдир. Чунки қудратли давлатларнинг ўз манфаатлари борки, улар майда давлатлар манфаатлари билан тенг кўрилмайди.

Виталий Портников эса А.Акаевнинг айтганларини жиддий қабул қилиб бўлмаслиги билдирди.

“Гап шундаки, Басаев ва Россия ҳукумати халқаро террорчиликка алоқадорликда гумон қилаётган бошқа шахслар базалари Россиянинг ўзида жойлашган. Мадомики, Россия шу базалар ва лагерларни йўқ қилишни уддалай олмаётган бўлса, қандай қилиб превентив зарба ҳақида гапириш мумкин! Қирғизистон ҳам ўз вақтида Ўзбекистон сари йўналган қуролли гуруҳни ҳеч қандай қаршиликсиз ўз ҳудудидан ўтказиб юборган экан, зарбалар ҳақида оғиз кўпиртиришдан не фойда! Бу ҳеч нарсага қодир бўлмаган ташкилотнинг йиғини пайтида айтиладиган умумий гапдан ўзга нарса эмас”, деди В.Портников.

И.Худойбергановнинг сўзларига қараганда, ўзи истаган вақтда зарба бериш ҳуқуқига эга бўлишлик ўта хатарлидир. Зеро, бу исталган мамлакат эҳтимолий хулосалар билан бомбардимон қилинишига замин яратиши мумкин.
XS
SM
MD
LG